Tilmoch AI стартапига 150 минг доллар сармоя киритилмоқда

14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ушбу инвестициялар стартапнинг маҳсулотларини такомиллаштириш, хизмат сифатини ошириш ва минтақавий ҳамда халқаро бозорда улушини кенгайтиришга хизмат қилиши айтилмоқда.

Tilmoch

Ўзбекистоннинг сунъий интеллект соҳасидаги энг истиқболли лойиҳаларидан бири — Tilmoch AI инвестиция раундида 150 минг доллар маблағ жалб этди.

Сармоянинг 60 минг доллари Aloqa Ventures, 50 минг доллари Yoshlar Ventures, 40 минг доллари эса IT Park Ventures томонидан йўналтирилган бўлиб, ушбу маблағлар стартап маҳсулотларини такомиллаштириш ва бозор улушини кенгайтиришга қаратилган..

Tilmoch AI ўзбек ва бошқа туркий тиллар учун ишлаб чиқилган сунъий интеллект асосидаги таржима ва тил технологиялари платформаси ҳисобланади. Ушбу сервис 7 тилда нейрон таржима, имло ва грамматика назорати, шунингдек, бизнеслар учун API хизматларини таклиф этади. Бугунги кунда платформанинг ойлик фаол фойдаланувчилари 130 мингдан зиёд бўлиб, кунлик фойдаланувчилари сони 16 минг кишига етган. Шунингдек, 50 дан ортиқ компаниялар ҳамкор сифатида Tilmoch AI ’дан фойдаланмоқда.

Стартап сўнгги йилларда халқаро миқёсда ҳам муваффақият қозонди. Жумладан, 2022 йилда mGovAward танловида 50 минг доллар, 2023 йилда эса President TechAwardда 100 минг доллар мукофотга эга бўлган.

IT Park Ventures қўшимча равишда Mom+ стартапига ҳам сармоя киритди. Лойиҳа оналар учун AI-ёрдамчи бўлиб, ҳомиладорликдан бошлаб бола парваришигача бўлган жараёнда фойдали маслаҳатлар ва йўл-йўриқларни таклиф қилади.

Мутахассислар фикрича, мазкур инвестициялар маҳаллий стартап экотизимини қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистоннинг сунъий интеллект технологияларини жаҳон миқёсида рақобатбардош даражага олиб чиқишга ёрдам беради.