Ўзбекистон президенти раислигидаги йиғилишда пойтахтдаги хавфли ишлаб чиқариш объектларини вилоят ҳудудларига кўчириш масаласи кўтарилди. Йиғилишда Тошкент шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда вилоят раҳбарлари иштирок этди. Тадбирда махсус саноат зоналари ташкил этилиб, улар «Тошкент инвест» компанияси ва саноат зоналари дирекцияси ихтиёрига ўтказилиши маълум қилинди.
Вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг сўзларига кўра, гап асосан 50 дан зиёд чарм корхоналари ва ўнлаб тўқимачилик фабрикалари ҳақида кетмоқда. Улар атроф-муҳитга катта зарар етказаётгани учун янги ҳудудларга кўчирилади. Жумладан, Оҳангарон туманида узоқ вақтдан бери бўш турган теричилик кластери кенгайтирилиб, майдони 15 гектардан 35 гектарга етказилади. Бу ерга Тошкентдаги йирик корхоналар кўчирилиши режалаштирилган.
Мирзаев таъкидлаганидек, давлат инфратузилмани барпо этади, тадбиркорлар эса бинолар ва ишлаб чиқариш қувватларини ўз ҳисобидан қуриши керак бўлади. Шу тариқа, ишлаб чиқариш жараёнлари тўхтамайди, аммо пойтахтнинг экологиясига зарар етказишдан тўхтайди.
Йиғилишда тўқимачилик корхоналарининг оқава сувлари орқали ҳаво ва сувни ифлослантираётгани қайд этилди. Шу боис 35 та фабриканинг махсус қурилган саноат мажмуасига кўчирилиши бўйича қарор қабул қилинган.
Экспертларнинг ҳисоб-китобига кўра, Тошкентда ҳаводаги майда заррали чанглар (PM2,5) сабаб ҳар йили 3 мингдан ортиқ киши бевақт вафот этмоқда. Жаҳон банки ҳисоботига кўра, аҳоли саломатлигига етказилаётган иқтисодий зарар қарийб 488,4 млн долларни ташкил этмоқда. Айни вақтда пойтахт аҳолисининг 83 фоизи ифлосланиш даражаси юқори бўлган ҳудудларда истиқомат қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида электр поездлар тармоғи йўлга қўйилиши ҳақида хабар берган эдик.