12 сентябр куни Украина хавфсизлик хизмати (СБУ) дронлари Россиянинг Болтиқ денгизида жойлашган энг йирик нефт экспорт ҳаби — «Приморск» порти ва унга боғлиқ насос станцияларига зарба берди. Бу ҳақда РБК-Украина СБУдаги манбаларига таянган ҳолда хабар берди.
Хабар қилинишича, ҳужум оқибатида портдаги кемалардан бири ва насос станциясида йирик ёнғин келиб чиққан. Нефт юклаш ишлари тўхтатилган. Манбаларга кўра, Россия бюджети кунлик 41 млн доллароик экспорт йўқотишига учраши мумкин.
«Приморск» порти — Россиянинг Болтиқ нефт ҳайдаш қувури тизимидаги энг муҳим нуқта бўлиб, бу ердан ҳар йили 60 млн тоннагача нефт экспорт қилинади. Бу ҳажмдаги экспорт Россияга йилига тахминан 15 млрд доллар даромад келтиради.
Бундан ташқари, СБУ дронлари «НПС-3»,«НПС Андреаполь», «НПС-7» нефт насос станцияларига ҳам зарба берган. Улар «Уст-Луга» терминалига нефт хомашёси етказиб берувчи асосий инфратузилманинг муҳим қисмидир.
СБУ вакилининг айтишича, Украина «дрон санкциялари» орқали Россиянинг нефт секторига тизимли зарба бермоқда. «Нефт — Россия иқтисодиётининг таянчи. Шу боис ҳар бир «чақнаш» уларнинг уруш олиб бориш қобилиятига ҳам зарба беради. Бу санкциялар адолат тиклангунига қадар давом этади», — деган манба.