Бугун, 12 сентябр куни «Уралские авиалинии» авиакомпаниясининг Иркутск — Тошкент йўналиши бўйича парвоз қилаётган самолёти двигателига қушлар келиб урилган. Бу ҳақда Шарқий Сибир транспорт прокуратураси маълум қилмоқда.
Қайд этилишича, 12 сентябр куни соат 07:40 да Иркутск шаҳри аэропортида ноодатий авиация ҳодисаси қайд этилган. «Урал авиалиниялари» авиакомпаниясига тегишли A-319 ҳаво кемаси 2719-рейс бўйича Иркутскдан Тошкентга учиш жараёнида двигателига қушлар галаси келиб урилган. Шу сабабли, командир хавфсизликни таъминлаш мақсадида самолётни қайтадан Иркутск аэропортига қайтариш тўғрисида қарор қабул қилган.
Самолёт бортида 6 нафар экипаж аъзоси ва 91 нафар йўловчи бўлган. Ҳодиса натижасида ҳеч ким жабрланмаган, ҳаво кемасига зарар етмаган.
Байкал-Ангарск транспорт прокуратураси томонидан парвозлар хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилиниши юзасидан текширув бошлангпан.