Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати — «Толибон» ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий Кобулда дипломатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон ҳамда Тожикистонни 2021 йил август ойида мамлакатдан олиб қочилган ҳарбий вертолётларни қайтаришга чақирди. Бу ҳақда «Tolonews» хабар берди.
«Биз тўрт йил аввал сиёсий воқеалар натижасида вертолётларимизнинг бир қисмини олиб қўйган ва қўшни давлатларга топширган давлатлардан ушбу вертолётларни афғон халқига қайтаришни сўраймиз, улар гуманитар мақсадларда ишлатилади», — деди Муттақий Кобулда дипломатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда.
Аввалроқ, The Kabul Times нашри Афғонистон муваққат ҳукуматининг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳидга таяниб, Ўзбекистон Афғонистонга 57 та ҳарбий вертолётни қайтаришга рози бўлганини ёзган эди.
Бироқ, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов афғонистонлик расмийнинг сўзларини рад қилди.
«Ўзбекистон позицияси ўзгаришсиз қолган, бу янгиликлар — fake news», — деганди вазирлик расмийси.
Маълумот учун, АҚШ ва иттифоқчилари 20 йиллик ҳарбий кампания давомида Афғонистон ҳукуматини кўп сонли самолёт ва вертолётлар билан таъминлаган. 2021 йил август ойида «Толибон» ҳокимиятни эгаллаган пайтда 22 та самолёт ва 24 та вертолёт 585 нафар ҳарбий хизматчи билан Ўзбекистонга қочган. Кейинчалик учувчилар БАА ва АҚШга олиб кетилган. Афғонистон муваққат ҳукумати бу техникаларни ўз мулки, деб ҳисобласа-да, расмий Тошкент улар АҚШники эканини таъкидлаб келган.
2022 йилдан бошлаб Афғонистон вакили бир неча бор Ўзбекистон ва Тожикистонни техникани қайтаришга чақирди, аммо АҚШ мулк ҳуқуқига таянилган. 2024 йил августда АҚШ элчиси Жонатан Ҳеник самолёт ва вертолётлар Ўзбекистонга ўтказилишини маълум қилиб, «улар ҳеч қачон афғонларники бўлмаган»ини таъкидлаган. Афғонистон Мудофаа вазирлиги эса бу қарорга кескин қарши чиққан.