Ўзбекистонга пул тикаётганлар, боксчилардан яна шедевр ва Тошкент экологиясига зарарли корхоналар тақдири — 12 сентябр дайжести

22:00 | 8 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Dayjest

Тошкент экологияси учун хавфли корхоналар вилоятга кўчирилади

Тошкент шаҳрида атроф-муҳитга зарар етказаётган ўнлаб тўқимачилик ва чарм корхоналари шаҳар ташқарисига кўчирилади. Президент раислигидаги йиғилишда бу корхоналар махсус саноат зоналарига ўтказилиши ва инфратузилмани давлат таъминлаб, биноларни тадбиркорлар қуриши белгиланди.

Тошкент шаҳридаги экология зарар етказаётган 50 дан ортиқ чармни қайта ишлаш корхоналари Оҳангарон туманидаги саноат зонасига кўчирилади. Шунингдек, пойтахтдаги 35 та тўқимачилик корхонаси ҳам Тошкент вилоятига олиб келинади. Ангрен шаҳридаги Оҳангарон сув омбори атрофидан 168 гектар ер Тошкент шаҳар ҳокимлигига туристик зона барпо этиш учун берилади. Пойтахт туманлари Тошкент вилояти туманларига бириктирилади, масалан, Миробод Паркент туманига, Учтепа Зангиота туманидаги лойиҳаларга масъул бўлади. Ангрендаги Янгобод, Лашкерек қишлоқларига туризм қишлоқлари мақоми берилади.

 

Ўзбек боксчилари Жаҳон чемпионатида яна тарих яратмоқда — 9 та медал кафолатланди

Ўзбекистон терма жамоаси Ливерпулда ўтаётган бокс бўйича Жаҳон чемпионатида тарихий ютуқ қайд этди. 9 нафар боксчи ярим финалга йўл олиб, камида бронза медалини кафолатлади. Улар орасида Азиза Зокирова, Жавоҳир Умматалиев, Турабек Ҳабибуллаев, Феруза Қозоқова, Навбаҳор Ҳамидова, Абдумалик Халоқов, Асадхўжа Мўйдинхужаев, Фазлиддин Эркинбоев ва Жаҳонгир Зокиров бор. Ҳар бири ўз рақибини ишончли ғалаба билан ортда қолдирди.

Шу билан бирга, Нигина Ўктамова, Ситора Турдибекова, Олтиной Сотимбоева, Миразизбек Мирзахалилов, Шавкатжон Болтаев ва Хуморабону Мамажонова мусобақани ярим финалга етмасдан тарк этди. Финалга йўл оладиган спортчилар номи 14 сентябрда маълум бўлади. Бу натижа Ўзбекистон бокс тарихидаги энг муваффақиятли жаҳон чемпионатларидан бири сифатида қайд этилиши мумкин.

 

Ўзбекистонга энг кўп инвестиция қайси давлат томонидан киритилгани маълум бўлди

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йилда жами 27,7 млрд АҚШ долларилик хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган. Ушбу кўрсаткич бўйича Хитойнинг жами асосий капиталга хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажмидаги улуши 28,7 % га етган. 2024 йилда ўзлаштирилган жами хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажмида энг юқори улушга эга давлатлар:

Хитой – 28,7 фоиз
Россия – 12,7 фоиз
Туркия – 7 фоиз
Германия – 5,1 фоиз
Саудия Арабистони – 4,8 фоиз
Буюк Британия – 3,8 фоиз.

 

Хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари 12 млрд доллардан ошди

Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил январ–август ойларида Ўзбекистонга хориждан йўналтирилган пул ўтказмалари 12 млрд доллардан ошди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоиз кўпдир. Август ойида тушумлар 1,9 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 19,9 фоиз ўсиш қайд этилди.

Ўтказмаларнинг асосий қисми Россиядан келгани айтилмоқда. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи мамлакатлари, АҚШ ва Буюк Британиядан йўналтирилган маблағлар ҳам ортиб борган. Болтиқ давлатлари ва бошқа минтақалардан келган ўтказмалар кескин ўсгани қайд этилган. Шу даврда аҳоли валюта операцияларида ҳам ижобий баланс шаклланиб, 5,6 млрд долларлик ортиқча таклиф ички бозор барқарорлигига хизмат қилди.

 

Фуқаро сохта ходимларга ишониб, криптовалюта орқали 170 минг доллардан айрилди

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига мурожаат қилган фуқаро М.П. сохта давлат ходимларига ишониб, криптовалюта орқали 170 минг доллардан айрилгани маълум бўлди. Фирибгарлар ўзини Ички ишлар, Давлат хавфсизлик хизмати ва Марказий банк ходимлари сифатида таништириб, фуқарони алдаган. У маблағни топиш учун уйи ва автомашинасини сотиб, ҳатто қарзга ҳам кирган. Кейинчалик жиноий иш қўзғатилиб, у жабрланувчи сифатида тан олинган.

Омбудсман маълумотича, Киберхавфсизлик бошқармаси фуқаро манфаатига 115 минг долларни ундириб берган. Бироқ кўп ҳолларда маблағларни қайтаришнинг иложи бўлмайди. Шу сабаб омбудсман фуқароларни эҳтиёткорликка чақириб, шахсий рақамлардан қўнғироқ қилиб маълумот ёки тўлов талаб қилган шахсларга ишонмасликни, криптовалюта орқали тўлов сўралганда эса дарҳол ҳуқуқни муҳофаза органларига мурожаат қилишни тавсия қилди.