Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоев оила аъзолари Атамбоевлар оиласига тегишли бўлган Қўй-Тошдаги уйидан ҳайдаб чиқарилди. Бу ҳақда собиқ президентнинг ўғли Қодир Атамбоев маълум қилди. Кичик Атамбоев расмийларнинг ҳаракатларини ноқонуний, деб атади.
«Мени, онамни ва оила аъзоларимни Қўй-Тошдаги уйимиздан, ота-боболаримиз юртидан, қариндошларимиз дафн этилган жойдан атиги 100 метр наридаги уйимиздан ноқонуний равишда чиқариб, бизни бошпанасиз қолдирмоқчи. Суд ижрочилари келишди», — дея ёзган у Facebook’даги саҳифасига.
Унга кўра, оиласи билан бирга Олий суд ва Конституциявий палатага мурожаат қилишни режалаштирган. Ҳукумат Атамбоевга тегишли Социал-демократлар партияси қароргоҳи ва 2010 йил 7 апрел инқилоби бошланган «»Media Forum» мусодара қилмоқчи.
«Бу мутлақ ўзбошимчаликдир. Биз Олий судга ҳам, Конституциявий палатага ҳам мурожаат қиламиз. Ҳатто шаҳар суди жараёни ҳам тугалланмаган. Шундай бўлса-да, суд ижрочилари юқоридан берилган кўрсатмага асосан ўз ноқонуний ҳаракатларини бошлашмоқда.
Мени шу ерда ўлдиринглар. Чет элга чиқишимга, ҳатто даволанаётган отам билан учрашишимга ҳам рухсат бермаяпсизлар. Мамлакат ичида эса уйимни тортиб оляпсизлар. Наҳотки мен Айдар Акаев, Максим Бакиев, Рустам Жапаров ва Таймурас Ташиевдан ҳам ёмонроқ бўлсам?!», — дея ёзган у.