Ливерпул шаҳрида World Boxing шафелиги остида ўтаётган бокс бўйича илк жаҳон чемпионатида 12 сентябр куни Ўзбекистон терма жамоасининг уч нафар боксчиси чоракфинал жангларини ўтказди. Улардан иккитаси яримфиналга чиқишга муваффақ бўлди.
Шундай қилиб, яна икки нафар ўзбекистонлик боксчи жаҳон медаллари учун курашни давом эттиради. Бу мусобақага борган 18 нафар боксчимиздан 11 нафари медал билан юртга қайтишини англатади.
48 кг вазн тоифасида Сабина Бобоқулова италиялик рақиби Жованна Марчесени 5:0 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. У бугун яримфиналда қозоғистонлик Нозим Қизайбайга қарши рингга чиқади.
Эркаклар ўртасидаги 85 кг вазн тоифасида Акмалжон Исроилов испаниялик Рикардо Фреснадани 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, яримфинал иштирокчисига айланди.
50 кг вазнда рингга чиққан Шодиёржон Мелиқўзиев эса япон боксчиси Соуши Макинога қарши жангда 2:3 ҳисобида ютқазиб, чемпионатни чоракфиналда тарк этди.
Кеча яримфинал жанглари ҳам ўтказилди.
Эркаклар ўртасида 60 кг вазнли боксчилар мусобақасида рингга кўтарилган Абдумалик Халоқов япониялик Шунсуке Китамото устидан 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, финалга йўл олди. У 14 сентябр куни олтин медал учун жангда бразилиялик Луис Габриэл де Оливейрага қарши рингга чиқади.
Аёллар ўртасидаги 65 кг вазнли боксчилар ўртасида ўтган яримфинал жангида Навбаҳор Ҳамидова тайбейлик Нейн-чин Ченни 3:2 ҳисобида доғда қолдириб финалга чиқди. Финалда Навбаҳор қозоғистонлик Аида Абикеевага қарши жанг қилади.
Эркаклар ўртасидаги 75 кг вазн тоифасида яримфинал жангида рингга чиққан ҳамюртимиз Фазлиддин Эркинбоев озарбойжонлик Саиджамшид Сафаровни 4:1 ҳисобида мағлуб этди ва финалга йўл олди. У финалда болгариялик Киван Рамига қарши курашади.
Эркаклар ўртасидаги 90 кг вазн тоифасида яримфинал жангида рингга чиққан Тўрабек Хабибуллаев испаниялик Эммануэл Рейес Плани 4:1 ҳисобида мағлуб этди ва финалга йўл олди. У финалда бразилиялик Исаяс Филёга қарши жанг қилади.
Эркаклар ўртасидаги 90+ кг вазн тоифасида яримфинал жангида хитойлик боксчи Данабек Байқўзига қарши рингга чиққан Жаҳонгир Зокиров 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва финалга йўл олди.
Финал жанглари 14 сентябр куни бўлиб ўтади.
Бугун бўлиб ўтадиган яримфинал жанглари
Аёллар (48 кг).
16:00. Сабина Бобоқулова – Нозим Қизайбай (Қозоғистон)
Аёллар (50 кг).
22:00. Феруза Казакова – Бўсаноз Чақирўғлу (Туркия)
Аёллар (70 кг).
23:00. Азиза Зокирова – Лакейша Перголити (Австралия)
Эркаклар (65 кг).
18:45. Асадхўжа Мўйдинхўжаев – Лаша Гурули (Гуржистон)
Эркаклар (80 кг).
19:00. Жавоҳир Умматалиев – Габриэл Веочич (Хорватия).
Эркаклар (85 кг).
23:45. Акмалжон Исроилов – Майкл Деруише (Австрия).