АҚШ G7 давлатларидан Россия активларини мусодара қилиш механизмларини ишлаб чиқишни сўрайди — Bloomberg

09:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Вашингтон ушбу активлардан Украина мудофаасини молиялаштиришда фойдаланишни ҳам таклиф қилмоқда.

Ursula vo der ljajen1

АҚШ «катта еттилик» (G7) давлатларидан Россиянинг музлатилган активларни мусодара қилиш учун қонуний механизм ишлаб чиқишни сўрайди. Бу ҳақда Bloomberg нашри ўз ихтиёрига тушган ҳужжатга таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, Вашингтон бу маблағлардан Украина мудофаа харажатларини қоплашда фойдаланиш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда. Шунингдек, АҚШнинг юқори мартабали расмийлари Европа Иттифоқи ҳамкорлари билан Россия активларини босқичма-босқич мусодара қилиш ғоясини муҳокама қилган. Бу йўл билан Москвага босимни кучайтириш ва уни Киев билан музокараларга мажбурлаш мақсад қилиб қўйилган.

Маълумот учун, 2022 йилда Ғарб давлатлари Россиянинг чет элдаги активларини музлатиб қўйган, уларнинг умумий қиймати 190 млрд еврога етган. Ушбу маблағларнинг катта қисми Белгиядаги Euroclear марказий депозитарийсида сақланмоқда.

Айни пайтда ушбу активлардан тушаётган фойда G7 давлатлари Украинага тақдим этган кредитларни қайтариш учун йўналтирилмоқда. Бу фойда асосан муддати келган, лекин Россияга қайтариб бўлмайдиган активлар ҳисобига шаклланмоқда.

Бир қатор Европа давлатлари ушбу активларни тўлиқ мусодара қилиш тарафдори бўлиб, улардан максимал фойда олишни мақсад қилмоқда. Бироқ, 10 сентябр куни Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ЕИ Россия активларини мусодара қилмаслигини маълум қилди.