Ўзбекистон президенти 21 апрел куни коррупцияга қарши курашиш бўйича янги фармон имзолади. Фармоннинг иловасига кўра, 2025 йилнинг август ойигача тўйлар, оилавий тантаналар, маъракалар ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича парламент палаталари кенгашларининг қўшма қарори қабул қилиниши кўзда тутилган.
Аммо август ўтди ҳамки, қарор матни эълон қилинмади. Ҳолат сабабини билиш мақсадида Vaqt.uz мухбири Олий Мажлис Қонунчилик палатаси девони матбуот котиби билан боғланди. Масъулга тегишли саволлар билан мурожаат қилиб, ҳеч қандай жавоб ола олмади.
Амалдаги қоидалар қанақа?
Ўзбекистонда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисида низом бор.
Бу низом парламент палаталари кенгашларининг 2019 йил 14 сентябрдаги қарори билан тасдиқланиб, 2020 йил 1 январдан кучга кирган ва ҳозир ҳам қонуний кучга эга.
2020 йил март ойида бу қоидаларни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик киритилди. МЖтКга қўшилган 192-1-моддага кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартиби риоя этмаган фуқароларга 10 БҲМ (ҳозирда 4 млн 120 минг сўм), тўйхона ва кафе-ресторанларнинг мансабдор шахсларига 30 БҲМ (такрорий содир этилса, 50 БҲМ) миқдорида жарима белгиланган.
Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисидаги низомга кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно), соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади.
Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, бу тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади. Қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида эса 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин.
Шунингдек, давлат хизматчиларининг даромадларини декларациялаш тўғрисида қарорнинг қабул қилиниши ҳам саккиз йилдан бери чўзиб келинади.
Давлат хизматчилари ва уларнинг турмуш ўртоқларининг даромадлари ва мол-мулкини декларациялаш тизимини Ўзбекистонда 2017 йилдан бошлаб жорий этишга ҳаракат қилинмоқда. Дастлаб мансабдор шахсларга мол-мулк декларацияси, даромад ва харажатлар, шунингдек, уларнинг ота-оналари, турмуш ўртоқлари ва фарзандлари тўғрисидаги маълумотларни топшириш мажбурияти юклатилиши кўзда тутилганди. Охирги таҳрирда фақат эр-хотинлар ва вояга етмаган болаларга тааллуқли бўлган даромадлар тўғрисидаги декларация қолди.
Президент фармони билан 2022 йил 1 январдан даромадларни декларация қилиш тизими ҳам жорий этилиши керак эди, лекин бу амалга ошмади. Қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига 2021 йил 13 ноябрда киритилган. Бироқ ҳукумат ҳужжатни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритмади, дея таъкидлади Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.
Лойиҳада давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларациялашни икки босқичда жорий этиш таклиф этилмоқда:
- 1-босқич — президент, Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари;
- 2-босқич — бошқа давлат хизматчилари (ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари).
2024 йилда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов даромадларни декларациялаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси деярли тайёрлиги, у вазирлик ва идоралар билан келишилган ва Адлия вазирлиги экспертизасидан ўтганини маълум қилганди.
Президентнинг қонунни қабул қилишни тезлаштириш бўйича топшириқларига қарамай, муддатлар кечиктирилди. 2025 йилда март ойида, президент фармони билан май ойигача лойиҳа тайёр бўлиши белгиланган, лекин ҳали ҳам ҳуқуқий матн жойланмаган.
Меҳриноз Фармонова тайёрлади.