12 сентябр куни БМТ Бош Ассамблеяси «икки халқ учун икки давлат» тамойилини қўллаб-қувватловчи резолюцияни қабул қилди. Ҳужжат Франция ва Саудия Арабистони ташаббуси билан киритилиб, 142 давлат, жумладан Ўзбекистон ҳам уни маъқуллади. АҚШ ва Исроил билан бирга 10 давлат қарши чиқди, яна 12 давлат бетараф қолди.
Резолюцияда ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги ҳокимиятни тарк этиши ва қўшинларини Фаластин миллий маъмуриятига топшириши талаб этилган. Шунингдек, 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумда қўлга олинган исроиллик гаровдагиларни озод қилиш шартлиги қайд этилган.
Ҳужжатда Ғазода «вақтинчалик халқаро барқарорлаштириш миссияси» ташкил этиш таклифи ҳам бор. Бу чора ўт очишни тўхтатиш ва минтақада хавфсизлик кафолатларини таъминлашга қаратилган.
Исроил ҳукумати резолюцияни кескин танқид қилди, Фаластин миллий маъмурияти эса уни мамнуният билан қабул қилди. Яқинлашиб келаётган 22 сентябрдаги Ассамблея йиғилиши арафасида Франция президенти Эммануэль Макрон мамлакатининг Фаластин давлатини расман тан олишини эълон қилиши кутилмоқда.
2023 йил октябрда ҲАМАС Исроилга ҳужум бошлаб, 1200 нафарга яқин одамни ўлдирган ва 250 дан ортиқ шахсни ғазога олиб кетган эди. Жавоб зарбалари натижасида Ғазода 63 мингдан зиёд фаластинлик ҳалок бўлгани, 145 мингдан ортиқ киши яралангани маълум қилинган.