Қашқадарёда ўқувчинининг ҳаётини хавфга қўйган ҳайдовчи жазоланди

14:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Шаҳрисабзда пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган ўқувчига йўл бермай, хавфли вазият келтириб чиқарган 68 ёшли ҳайдовчи транспорт бошқариш ҳуқуқидан 1 йилга маҳрум этилди.

Damas

11 сентябр куни Шаҳрисабз шаҳрида Damas ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган болага йўл бермай, унинг ҳаётини хавф остида қолдирган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг муҳокамага сабаб бўлди.

Кадрларда бола йўлдан ўтаётганда бошқа машиналар тўхтагани, аммо Damas ҳаракатни тўхтатмагани кўрилади. Ўқувчи қочишга уриниши оқибатда йиқилиб кетиб, машинанинг оғир зарбасидан омон қолган. Автомобил эса катта тезликда унинг ён томонидан ўтиб кетган.

ЙҲХХ ахборот хизмати маълум қилишича, бу ҳолатни содир этган қоидабузар ҳайдовчи топилган ва унга нисбатан маъмурий иш қўзғатилган.

Шаҳрисабз шаҳри суди ҳайдовчини БҲМнинг 25 баравари миқдорида (10,3 млн сўм) жарима тўлашга ҳамда бир йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этишга ҳукм қилди.

Ҳодиса йўлларда пиёдалар хавфсизлиги масаласи янада долзарб эканини кўрсатди.