Иммунитет пасайганда болаларни қандай асраш керак? — ССВ тавсиялари

15:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Ҳаво совиши билан иммунитет сустлашиб, касалликлар хавфи ортади. ССВ болалар соғлиғини асраш учун олти тавсия берди.

Ssv

Кузда болалар шамоллаш ва вирусли касалликларга кўпроқ чалиниши мумкин. Шу боис Соғлиқни сақлаш вазирлиги ота-оналарга болаларни турли хасталиклардан асраш учун амалий маслаҳатлар берди.

Аввало, қўл гигиенасига жиддий эътибор зарур. Болалар мактаб, боғча ёки жамоат жойларида кўпчилик билан мулоқот қилади, шунинг учун қўлларни мунтазам совунлаб ювиш ва беморлар билан яқин муносабатдан сақланиш шарт.

Шамоллаш белгилари кузатилса, болани уйда қолдириш тавсия этилди. Бу нафақат унинг соғлиғини тиклайди, балки касаллик тарқалишининг олдини ҳам олади.

Кийим-кечакни фаслга мос танлаш муҳим. Кун иссиқ ёки салқин бўлиши мумкин, шунинг учун болалар на жуда енгил, на жуда қалин кийинмаслиги, нам кийимлар эса дарҳол алмаштирилиши керак.

Соғлом овқатланиш ҳам асосий омил ҳисобланади. Рационда мевалар, сабзавотлар, кўкатлар, сут ва балиқ маҳсулотлари, товуқ гўшти ва дуккакли егуликлар бўлиши шарт. Шу билан бирга, газли ичимликлар, чипс ва ширинликлардан воз кечиш зарур.

Уйқу режасига ҳам риоя қилиш тавсия қилинди. Мактаб ёшидаги болалар ҳар куни 8–10 соат ухлаши, бир вақтда ухлаб, бир вақтда туриши ва ухлашдан олдин телефон ёки планшетдан фойдаланмаслиги лозим.

Шахсий гигиена қоидалари — юз-қўлларни ювиш, тишларни кунда икки марта тозалаш ва кийимларни мунтазам алмаштириш ҳам соғлом ўсишнинг асосий шартлари сифатида қайд этилди.