Қозоғистондаги портлашда уч нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди

18:00 | 2 дақиқада ўқилади.

11 сентябр куни Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида металл қабул қилиш шохобчасида портлаш содир бўлди.

Portlash

11 сентябрда Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида жойлашган металл қабул қилиш шохобчасида кучли портлаш юз берди. Бу ҳақда Zakon.kz хабар берди.

Ҳозирда содир бўлган воқеа юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, металл қабул қилиш жараёнида номаълум буюм портлаб кетган ва оқибатда уч ишчи ҳалок бўлган.

Портлаш юз берган заҳоти тезкор хизматлар – полиция, ёнғин хавфсизлиги ходимлари ва тез тиббий ёрдам бригадаси ҳодиса жойига етиб борган. Бироқ қурбонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин бўлмаган.

Металл шохобчаси эгаси Амирбек Шербаевнинг айтишича, қабул қилинган металл чиқиндилари орасида портламаган мина бўлиши мумкин. Унга кўра, металл Хитой ишлаб чиқариш цехи орқали келтирилган бўлиб, унда мудофаа соҳасидан чиққан хавфли буюмлар ҳам бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Маълумотларга кўра, ҳодиса жойида криминалистлар ва Қозоғистон Мудофаа вазирлиги вакиллари ишламоқда. Ҳудуд тўлиқ ёпилган ва ташқаридан одамлар киритилмаяпти. Ҳалок бўлганларнинг шахси аниқланган: уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари экани маълум қилинди.