13 сентябр куни Украина дронлари Бошқирдистон пойтахти Уфада жойлашган нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди. Бу ҳақда республика раҳбари Радий Хабиров Telegram каналида маълум қилди. Унинг таъкидлашича, заводга камида иккита пилотсиз парвоз қурилмаси (ППҚ) билан ҳужум қилинган. Унинг айтишича, биринчи дрон ўқотар қурол билан уриб туширилган. У завод ҳудудига қулаган ва ёнғин чиққан. Кейинроқ иккинчи дрон нишонга аниқ урилган. Ҳеч ким ҳалок бўлмаган, лекин ишлаб чиқариш майдонида ёнғин чиққан.
Ҳужумга учраган корхона аниқ айтилмаган бўлса-да, маҳаллий манбалар «Башнефт-Новойл» заводига дрон урилганини хабар қилмоқда. Ушбу корхона «Роснефт» таркибига киради ва бутун Россияда ишлаб чиқариладиган юқори октанли бензиннинг тахминан 10 фоизини, мойларнинг эса 7 фоизини ишлаб чиқаради. Завод йилига 7,4 млн тоннагача нефтни қайта ишлаш қувватига эга.
Завод Ғарбий Сибир ва Туймазин захирасидан хомашё олади. У бензин ва мотор мойларидан ташқари, авиа ва дизел ёқилғиси, мазут, битум ва қўшимча моддалар ҳам ишлаб чиқаради. Бу завод Уфадан Украина чегарасигача 1340 км узоқда жойлашганига қарамай, Украина ҳужумига учрагани алоҳида эътиборга молик ҳолатдир.
Ҳодиса рўй бериши арафасида Росавиация Уфа аэропортида фуқаролик парвозларини қабул қилиш ва жўнатишни вақтинча тўхтатганини эълон қилган. Шу вақт атрофида Уфада мобил интернетда узилишлар кузатилган.
Айни пайтга келиб Уфа аэропорти штат режимида ишламоқда.
Шунингдек, 3 март куни ҳам Уфадаги «Роснефт» корхонаси ҳужумга учраган эди. Украинадаги OSINT таҳлилчиларга кўра, ўшанда дронлар Л-24-7 қурилмасини, ёнилғи омборлари ва хомашё қувурларини йўқ қилган, катта ёнғин келиб чиққан. Бу резервуарлардан бири портлаб кетгани айтилган эди.