Чиқиндиларни носоз жойларга ташлаш ҳовли ва атроф муҳитни ифлослантириб, ёқимсиз ҳид келтириши билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради. Лекин чиқиндиларни тўғри бошқариш ва қайта ишлаш уlarni фойдаланишга яроқли органик ўғитга айлантириш ёки электр энергияси ишлаб чиқариш учун манбага айлантириш имкониятини беради.
Бугунги кунда глобал миқёсда экологик муаммолар ортиб, чиқиндиларни самарали бошқариш муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистонда йилига 14 миллион тонна чиқинди ҳосил бўлади, аммо уларнинг фақат 4-5 фоизи қайта ишланади. Бу эса атроф-муҳитга ва инсон саломатлигига жиддий таҳдид солади.
Дунёда Германия, Жанубий Корея ва Швеция каби давлатлар чиқиндиларни қайта ишлашда замонавий технологияларни жорий этиб, бу соҳадан иқтисодий фойда олишга эришмоқда. Масалан, Германияда чиқинди саралаш мажбурий ва жавобгарлик қатъий. Жанубий Кореяда органик чиқиндилар компостлаш орқали ерга фойдали модда сифатида қайтарилади. Швецияда эса чиқиндилардан олинган энергия уй-жойларни иситишда фойдаланилади.
Ўзбекистонда ҳам чиқиндиларни электр энергиясига айлантириш борасида муҳим ташаббуслар бор. Мамлакат раҳбари томонидан 2025–2027 йилларга мўлжалланган инвестиция лойиҳалари тасдиқланди. Тошкент вилоятида кунига 2,5 минг тонна чиқинди термик қайта ишлаш орқали 390 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Шунга ўхшаш лойиҳалар Андижон, Наманган, Фарғона, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида ҳам амалга оширилади.
Булар экологик вазиятни яхшилаш, чиқиндилар ҳажмини камайтириш ва энергетика секторида барқарорликни таъминлашга қаратилган муҳим қадамлардир. Шундай қилиб, чиқиндиларни қайта ишлаш нафақат атроф-муҳитни муҳофаза қилади, балки иқтисодиётга ҳам катта таъсир кўрсатади.