Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси собиқ қўмондони Мухсин Ризойий Қатарда бўлиб ўтадиган араб ва мусулмон давлатлари саммити арафасида чиқиш қилиб, Исроилга қарши ҳарбий коалиция тузиш ғоясини илгари сурди.
Унинг таъкидлашича, агар халқаро ислом анжумани Ғазодаги қирғин ва Исроилнинг ислом мамлакатларига ҳужумларига амалиёти билан жавоб бермаса, минтақадаги йирик давлатлар ҳам хавф остида қолиши мумкин.
Ризойий Саудия Арабистони, Туркия ва Ироқ каби давлатларнинг хавфсизлигига ишора қилиб, Исроил ҳар бирини алоҳида нишонга олишидан аввал биргаликда ҳаракат зарурлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, қўшма ҳарбий куч минтaқадаги барқарорлик учун муҳим омилга айланиши мумкин.
Шиа руҳонийси Жалол Разавий-Меҳр ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлаб, ягона «Ислом армияси» тузиш зарурлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, бундай армиё ислом давлатларининг мудофаа ва ҳарбий кучларини ягона қўмондонлик остида бирлаштириб, умумий ҳимоя ёки зарурат бўлса, ҳужум доктринасига асосланиб ҳаракат қилиши керак.
Қатардаги саммитда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Исроилнинг сўнгги ҳужумларига қандай чоралар кўрилиши масаласини муҳокама қилади. Кузатувчилар бу сафар ташкилот фақатгина баёнот билан чекланмай, амалий қарорлар қабул қилиши мумкинлигини қайд этмоқда. Анжуманда Эрон президенти Масъуд Пезешкиан ҳам иштирок этиши кутилмоқда.