Ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши керак — Бош прокурор

17:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев болалар ва аёлларга нисбатан содир этилаётган зўравонлик ҳолатларини кескин танқид қилиб, ўз жонига қасд қилишни тарғиб этувчи маълумотлар тарқатилиши учун жавобгарлик жорий этиш зарурлигини билдирди.

Yuldoshev

13 сентябр куни бўлиб ўтган конференцияда у сўнгги 3,5 йилда вояга етмаганларга нисбатан 14 мингдан ортиқ жиноят содир этилганини маълум қилди. Фақат соғлиққа қарши жиноятлардан 1600 нафардан зиёд бола жабр кўргани қайд этилди. Йўлдошевнинг таъкидлашича, бу турдаги жиноятларнинг ҳар бири фавқулодда ҳолат сифатида баҳоланиши керак.

Бош прокурор таълим ва тарбия муассасаларида болаларга нисбатан жиноятларга мутлақо йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, бундай жиноят содир этган ходимларнинг мазкур соҳада ишлаш ҳуқуқини чеклаш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, васийлик ва ҳомийлик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлик учун жавобгарликни белгиловчи норма Жиноят кодексига киритилиши таклиф қилинди.

Йўлдошев, шунингдек, қўшмачилик ва фоҳишахона сақлаш каби жиноятлар учун, айниқса таълим муассасалари биноларида содир этилганда, жавобгарликни кучайтириш зарурлигини билдирди.

Унинг энг муҳим таклифларидан бири — ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ва усуллари ҳақидаги маълумотларни тарқатиш ҳамда бундай ҳолатларни тарғиб этувчи маҳсулотларни сотиш ёки тарқатиш учун маъмурий жавобгарлик жорий этишдир. Бош прокуратура бу масала бўйича хорижий тажрибаларни ўрганиб, қонун лойиҳаси ишлаб чиққан.

Шунингдек, у аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ишларини тергов қилиш ва судда кўришда ягона амалиёт жорий этилишини талаб қилди.