«РИА Новости» хабарига кўра, Қодиров ўғли ўзининг аниқ ютуқлари учун тақдирланганини таъкидлади. У Адамни ўз ёшлигини эслаб, тажриба ва амалий кўникмаларга эга, деб баҳолади.
«Мен отамнинг қўл остида улғайдим, у билан кўп нарса ўргандим. Адам ҳам мен билан бирга бўлди ва шу йўл билан тажриба тўплади. Менинг ёш пайтимда Владимир Владимирович менга ишониб юқори лавозим топширган эди. Адам ҳам ўз вазифасини уддаламоқда. Агар мукофотларга шубҳа бўлса, мен уларнинг бирортаси номуносиб эмас, деб ҳисоблайман», — деди Қодиров.
Адам Қодиров ҳозирда Чеченистон Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимини эгаллаб турибди. У август ойида «Чеченистон Республикаси ҳимоячиси» медали билан тақдирланган. Бундан олдин эса у «Чеченистон Қаҳрамони» унвони ва энг олий «Ахмат Қодиров» орденига сазовор бўлган.
Рамзан Қодиров қариндошларини давлат лавозимларига тайинлашини очиқ тан олиб, «Кимга ишонсак, ўшани тайинлаймиз», дея изоҳ берган. Аввалроқ у ва қариндошлари Россия–Украина уруши бошланганидан бери 146 та турли мукофот ва фахрий унвонларни қабул қилгани ҳақида хабар қилинган эди.