Туркия Марказий банки асосий ставкани кутилмаганда 40,5 фоизга туширди

09:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Туркия Марказий банки сиёсатини юмшатди — асосий ставка 250 базис пунктига пасайтирилиб, 43 фоиздан 40,5 фоиз даражасида белгиланди.

Turkiye central bank

Туркия Республикаси Марказий банкининг Пул-кредит сиёсати қўмитаси 11 сентябр куни ўтган навбатдаги йиғилишда асосий фоиз ставкасини 43 фоиздан 40,5 фоизга тушириш ҳақида қарор қабул қилди. Йиғилишга банк раиси Яшар Фотиҳ Қорахон раислик қилди.

Шунингдек, «овернайт» кредит ставкалари ҳам пасайтирилди: қарз бериш бўйича ставка 46 фоиздан 43,5 фоизга, қарз олиш бўйича эса 41,5 фоиздан 39 фоизга туширилди.

Марказий банк маълумотларига кўра, Туркияда инфляциянинг асосий тенденцияси август ойида секинлашган. Энг сўнгги маълумотлар талаб даражасидаги дезинфляцион босим сақланаётганини кўрсатмоқда.

«Инфляцион кутилмалар, нарх шаклланиши ва глобал омиллар дезинфляция жараёни учун хавфли бўлиб қолмоқда. Нарх барқарорлигига эришилгунга қадар қатъий пул-кредит сиёсати сақланади ва бу жараённи талаб, валюта курслари ва кутилмалар орқали мустаҳкамлайди», — дейилади Марказий банк хабарида.

Аввалроқ Россияда асосий ставка 18 фоиздан 17 фоизга пасайтирилгани ва Ўзбекистонда эса ўзгаришсиз қолдирилгани ҳақида хабар берган эдик.