2023 йил 7 октябридан бери Ғазо секторида давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар оқибатида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 64 минг 871 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Ғазо секторидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди. Сўнгги 24 соат ичидаги бомбардимонларда 68 киши ҳалок бўлган, 346 нафар фуқаро яраланган.
18 март куни Исроил армияси ХАМАС билан 19 январда эришилган оташкесим келишувини бузган эди. Шундан бери Исроил армияси 12 минг 321 фаластинликнинг жонига зомин бўлди, 52 минг 569 киши тан жароҳати олди. Хусусан, АҚШ билан ҳамкорликда ташкил қилинган «ёрдам тарқатиш нуқталари» яқинидаги ҳужумларда 2494 киши ҳалок бўлди, 18 минг 135 нафар жабрланди.
2023 йилнинг 7 октябридан буён жами яраланганлар сони 164 610 нафарга етгани қайд этилмоқда. Вайрон бўлган бинолар остида ҳали ҳам юзлаб жасадлар қолган. Расмийлар қурбонлар сони кескин ортиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. БМТ ва халқаро ташкилотлар юзага келган ҳуманитар фалокатдан жиддий ташвиш билдирмоқда.
Очлик ҳам кенг кўламли ҳалокатга айланди. 7 октябрдан буён 422 фаластинлик, жумладан 145 нафар бола очлик ва озиқ-овқат етишмовчилиги сабабли ҳалок бўлган. Интеграцияланган озиқ-овқат хавфсизлиги индекси (IPC) буни энг юқори — «фалокат даражаси» деб баҳолади.
БMT ҳисоботига кўра, ҳозирда 500 мингдан зиёд фаластинликлар очарчилик ва доимий хавф остида ҳаёт кечирмоқда.