Экология вазирлиги 20 та корхона ишини тўхтатди

11:30 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил январ—август ойларида атмосферага зарар етказиш ҳолатлари бўйича 281 та қонунбузарлик аниқланган ва 20 та объект фаолиятини вақтинча тўхтатиш тўғрисида судга ариза киритилган.

Ekologiya

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумотига кўра, 12 та ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган текширувларда 1452 та объект хатловдан ўтган, 174 та тунги рейд ташкил этилган. Натижада 154 шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган, 179 та қонунбузарлик бартараф этилган. Шунингдек, 11 та замонавий қозон, 19 та филтр ва 12 та чанг тозалаш ускуналари ўрнатилган.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳри ва вилоятида 1233 та йирик саноат корхонаси 5 млн тоннадан зиёд кўмир ва 262 минг тонна мазутдан фойдаланган. Ангрен ва Янги Ангрен ИЭСлари эса атмосферага 134 минг тоннага яқин чиқинди ташлаб, умумий кўрсаткичнинг қарийб 19 фоизини ташкил қилган.

Экспертлар таъкидлашича, кўмир ва мазутдан фойдаланиш катта зарар келтиради: 1 тонна кўмир ёниши натижасида юзлаб килограмм кул ва ўнлаб килограмм зарарли газлар ҳавога чиқади. Шу боис, 2025–2028 йилларга мўлжалланган фильтр ўрнатиш дастури тезлаштирилиб, муддатлар 2026 йил сентябрига қадар қисқартирилди.

11 сентябрда Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги йиғилишда эса экологик хавфли корхоналарни пойтахтдан Тошкент вилоятига кўчириш масаласи кўриб чиқилган.