Ўзбекистон ва Ҳонгконг ўртасида тўғридан тўғри авиақатнов йўлга қўйилади

12:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон ва Ҳонгконг ўртасида тўғридан-тўғри рейслар очилиши туризм ва логистика салоҳиятини кучайтириши кутилмоқда.

Shartnoma

2025 йил 11 сентябр куни Ҳонгконгда бўлиб ўтган «Бир камар, бир йўл» саммити доирасида «Uzbekistan Airports» ва Ҳонгконг халқаро аэропорти раҳбарияти ўзаро англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда компиния ахборот хизмати хабар берди. Ҳужжат икки мамлакат ўртасида авиақатновларни йўлга қўйиш ҳамда аэропорт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутади.

Меморандум доирасида бошқарув тажрибасини ўртоқлашиш, операцион самарадорлик ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, кадрлар тайёрлаш ҳамда барқарор ривожланиш ташаббуслари белгиланган. Шунингдек, Ҳонгконг халқаро авиация академияси орқали мутахассисларни ўқитиш кўзда тутилган.

«Ҳонгконг аэропорти билан келишув Ўзбекистоннинг жаҳон авиация тармоғига интеграциясида муҳим қадам бўлиб, тўғридан тўғри рейслар сони ортиши йўловчи оқимини кўпайтириб, туризмни ривожлантириши ва транспорт-логистика имкониятларини мустаҳкамлаши кутилмоқда», — деди «Uzbekistan Airports» бошқаруви раиси ўринбосари Салоҳиддин Носиров.

Ҳонгконг халқаро аэропорти бош директори Вивиан Чанг ҳамкорлик янги йўналишларни очиш ва рейслар сонини кўпайтиришга хизмат қилишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, 2017 йилдан буён академия 380 мингдан ортиқ иштирокчилар учун дастурларни амалга оширган ва бу тажриба ўзбекистонлик ҳамкорлар учун муҳим аҳамиятга эга.

Ҳозирги кунда Ҳонгконг халқаро аэропорти 200 дан зиёд йўналишда 140 га яқин авиакомпанияга хизмат кўрсатади. Бу кўрсаткич пандемиядан олдинги натижалардан юқори экани қайд этилган.