Германияда қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш — Energiewende дастури келаси 25 йилда мамлакатга 5,4 трлн еврога тушиши мумкин. Бу ҳақда Германия Савдо-саноат палатаси (DIHK) тадқиқотида қайд этилган.
Хусусий сармоялар йиллик 82 млрд евродан 2035 йилгача 316 млрд еврогача кўтарилиши кутилмоқда. Бу харажатлар электр тармоқларини янгилаш, янги станциялар қуриш, заводларни қайта мослаш, импорт энергияга тўловлар ва транспорт соҳасини янгилаш билан боғлиқ.
DIHK раҳбари Петер Адрианнинг таъкидлашича, ҳозирги сиёсат шароитида бундай ўтиш амалга ошмайди.
«Кўплаб тадбиркорлар ишлаб чиқаришни четга кўчиришга мажбур. Бу эса иш ўринлари ва Германиянинг рақобатбардошлиги учун хавф туғдиради», — деди у.
Германия иқтисодиёт вазири Катарина Райхе айрим дастурларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, нефт, газ ва кўмирдан воз кечиш сиёсати сақланади, бироқ ўтиш молиявий жиҳатдан барқарор бўлиши шарт.
DIHK бу позицияни қўллаб-қувватлади. Ҳужжатда таъкидланишича, мавжуд муаммолардан бири — ортиқча бюрократия. Тадбиркорлар кўп сонли талаблар ва технологик чекловлардан шикоят қилмоқда.
Палатанинг фикрича, янги қоидалар эмас, бозор механизмлари ва технологик очиқлик асосий ечим бўлиши керак. Хусусан, CO₂ учун аниқ нарх белгилаш ташаббуси асосий восита сифатида кўрсатилди.