Олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи тўлаб берилади

16:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Давлат раҳбари устоз ва мураббийларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор янги ташаббусларни тақдим этди.

Ipoteka kredit

Янги йилдан камида 15 йил стажга эга олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи давлат ҳисобидан қопланади. Келгуси ўқув йилидан эса давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларига контракт тўловида 30 фоизлик чегирма берилади.

Ўқитувчилар янги технологияларни қўллаши учун компютер харидига 10 млн сўмгача имтиёзли кредит ажратилади. 2026 йилдан педагоглар учун давлат хизматлари тўлови икки баробар камайиши белгиланган.

Бошланғич таълим ўқитувчилари ҳам миллий сертификат олиш имкониятига эга бўлади. Сертификатга эга бўлганларга ҳар ойда 15 фоиз устама тўланади. Шунингдек, бакалаврни имтиёзли диплом билан битириб мактабда иш бошлаганларга автоматик равишда 2-малака тоифаси, магистрларга эса 1-малака тоифаси берилади.

Дунёдаги ТОП-300 олийгоҳга ўқишга кирган педагоглар 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити билан таъминланади. Рейтингда етакчи бўлган мактаб, боғча, техникум ва олийгоҳ педагогларига эса йилига бир марта Ўзбекистон бўйлаб самолёт ва поезд чипталарига 15–20 фоиз чегирма берилади.