«Устюртда жуда катта газ захираси топилди» — Шавкат Мирзиёев

17:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Қорақалпоғистондаги Устюрт платосида 6,5 минг метр чуқурликкача бурғулаш ишлари олиб борилиб, саноат тарихида илк бор жуда катта газ захираси топилган.

President ustuyurt

Қорақалпоғистоннинг Устюрт платосида 6,5 минг метр чуқурликда амалга оширилган бурғулаш ишлари саноатимиз тарихида янги босқични очди: биринчи марта шунчалик чуқурда йирик газ захираси аниқланди. Бу ҳақда Президент 15 сентябр кунидаги йиғилишида маълум қилди. 

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, илгари қидирув ишлари асосан 2,5–3 минг метр чуқурликда амалга ошириларди. Янги топилма эса мамлакатнинг углеводород ресурслари имкониятларини янада кенгайтираётганини кўрсатмоқда.

Мирзиёев сўзларига кўра, ҳозирги глобал иқтисодиётда теллур, литий, селен, графит ва молибден каби технологик минералларга талаб кескин ошиб бормоқда. Бу жараён «тўртинчи саноат инқилоби» билан бевосита боғлиқ экани қайд этилди.

Президент шунингдек, дунёдаги вольфрам, молибден, рух ва титан захираларининг 10–15 фоизи Ўзбекистон ва минтақада жойлашганини таъкидлади. Бу эса мамлакат учун стратегик имкониятларни кенгайтираётган омил сифатида кўрилмоқда.

«Улкан ресурсларни юқори қўшилган қийматли маҳсулотга айлантириш учун илм, билим ва инновация зарур», — дея таъкидлади давлат раҳбари. Унинг сўзларига кўра, табиий бойликларни чуқур қайта ишлаш иқтисодиёт учун устувор йўналиш бўлиб қолмоқда.