Ўзбекистон ва «Толибон» Афғонистонда газ қазиш лойиҳасини бошлади

22:30 | 5 дақиқада ўқилади.

«Тути-майдон» газ конлари тахминан 7000 км квадрат майдонни эгаллайди. Газ захиралари 3 трлн метр кубга баҳоланмоқда.

Tuti mandan

«Толибон» ҳукумати ва Ўзбекистон Афғонистоннинг шимолий Жаузжон вилоятида жойлашган «Тути-майдан» газ конида геологик ўрганиш ва қазиб чиқариш ишларини бошлади. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Қайд этилишича, маросимда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ҳамда «Толибон» ҳукуматининг иқтисодий масалалар бўйича бош вазир ўринбосари Мулла Абдул Ғани Бародар иштирок этган.

«Толибон» расмийларига кўра, ушбу лойиҳа Афғонистоннинг импорт қилинадиган энергияга бўлган қарамлигини камайтиришга хизмат қилади.

Amu.tv хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Eriellcom компанияси 2024 йил октябрида имзоланган шартнома асосида дастлабки йилиёқ 100 миллион доллар сармоя киритади. Дастур 10 йилга мўлжалланган бўлиб, биринчи икки йилдаёқ газдан 100 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқарилиши белгиланган.

«Тути-майдан» газ конлари тахминан 7000 квадрат километр майдонни эгаллайди. Газ захиралари 3 трлн куб метрга баҳоланмоқда.

Фергана агентлиги ва Khaama News нашрининг ёзишича, Ўзбекистон томони конни ўрганиш ва қазиб чиқариш бўйича шартномани қўлга киритган. Айрим манбалар келишув қиймати ўн йил давомида тахминан 1 миллиард долларга етиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Тантанали очилиш маросимида «Толибон» раҳбариятининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Ғани Бародар ушбу лойиҳа иш ўринлари яратиши, мамлакат ички газ талабини қондириши, импорт қарамлигини камайтириши ва келажакда экспорт имкониятларини яратишини таъкидлади. У буни Афғонистоннинг хорижий ва маҳаллий сармоядорлар учун хавфсиз ва очиқ эканлигининг исботи сифатида баҳолаган.

«Ушбу лойиҳа мамлакатимиз иқтисодий ривожланишида муҳим роль ўйнайди», — деган Бародар ўз идораси тарқатган баёнотда. У шунингдек, сармояларни жалб қилиш учун қулай шароитлар ва кафолатлар тақдим этилишини қўшимча қилган.

«Толибон» лойиҳани қайси компания амалга ошираётгани, сармоя миқдори ва ишлаб чиқариш муддатлари ҳақида маълумот бермаган.

2021 йилда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон» санкциялар ва халқаро ёрдамнинг тўхтатилиши оқибатида юзага келган иқтисодий инқирозга қарши курашиш мақсадида йирик лойиҳаларни қайта жонлантиришга уринмоқда. Улар Хитой, Эрон ва қўшни давлатлар билан нефть, газ ва кончилик бўйича бир қатор шартномалар имзолаган, аммо кўпгина лойиҳалар ҳали дастлабки босқичдан чиқмаган.