Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консуллиги ўз фуқароларига нисбатан зўравонлик ва миллатчилик асосидаги тажовузлар юзасидан Россия ҳукуматидан расмий тергов ўтказишни талаб қилди. Бу ҳақда бош консул Юсуп Қобулжонов маълум қилди.
Мазкур воқеалар ҳақида биринчи бўлиб Ўзбекистон экологик вазирлиги маслаҳатчиси Расул Кушербаев ижтимоий тармоқларда хабар берди. У эълон қилган учта видеода Бухоро вилоятидан чиққан юртдошларга нисбатан тажовуз ва таҳқирлашлар акс этган. Биттасида ниқобли ёшлар таксичини калтакламоқда, бошқасида — улар ўзбек фуқаросини таъқиб қилиб, калтакламоқчи бўлади. Учинчи видеода эса қуролли шахслар ва уларнинг юзи ҳамда исми ҳам аниқ кўриниб турибди.
Кушербаевнинг таъкидлашича, жабрланувчилар Бош консулликка мурожаат қилган. Аммо уларга дастлаб Россия ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилиш тавсия этилган. Бундан кейин дипломатик вакиллик улар билан боғланиб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатган.
Бош консул Қобулжоновга кўра, ҳолат аниқланган заҳоти ўзбекистонлик фуқаролар билан алоқа ўрнатилиб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, Владивосток Ички ишлар бошқармасига расмий ариза ва Приморск ўлкаси прокуратурасига ушбу масала бўйича барча тегишли чораларни кўриш зарурлиги ҳақида ноталар юборилган.
«Мазкур воқеалар Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси ва Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан алоҳида назоратга олинган», — дейилади бош консул изоҳида.
Мазкур ҳодиса Россиядаги меҳнат муҳожирлари хавфсизлиги ва ҳуқуқий ҳимояси бўйича жиддий саволларни кун тартибига олиб чиқмоқда. Жамоатчилик ушбу вазиятни қаттиқ қоралаб, расмий тергов ва жавобгарликни талаб қилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзбекистонлик такси ҳайдовчисини ҳақоратлаган шахс бўйича Россияга расмий нота юборгани ҳақида хабар қилинган эди.