Хитой Афғонистон «Толибон» ҳаракатига ҳаво мудофааси бўйича мутахассислар тайёрлашда ёрдам кўрсатиш ниятида. Бу ҳақда «Независимая газета» хабар берди.
Маълумотларга кўра, сентябр ойида Афғонистон Мудофаа вазирлиги Хитой билан ҳарбий ҳамкорликка оид махфий ҳужжат тайёрлаган. Унда толибларнинг ҳаво мудофаа қўшинлари учун радиолокация тизими бўйича мутахассислар тайёрлаш режаси баён қилинган.
«Вазирлик раҳбарияти қарорига мувофиқ, 22 нафар киши Хитой Халқ Республикасига юборилиб, радиолокация тизимлари соҳасида касбий тайёргарлик ва малака оширишдан ўтади», — дейилади Мудофаа вазири Муҳаммад Яъқуб Мужоҳиднинг кўрсатмасига асосланган маълумотда. У шунингдек, бу борада Хитой билан келишувга эришилганини алоҳида таъкидлаган.
Ҳужжатга кўра, ПВО бошқармаси ишончли ва малакали номзодларни танлаб, уларнинг тўлиқ биографик маълумотларини ташқи алоқалар директоратига тақдим этиши керак. Шунингдек, ҳужжат нусхаси стратегик разведка бошқармасига юборилган. Ушбу тузилма номзодларни саралаш, юбориш ва Хитойда бўлиш жараёнини назорат қилиши, шу жумладан, Хитой махсус хизматлари томонидан эҳтимолий вербовкадан ҳимоя масалаларини кузатиши кутилмоқда.
Маълум қилинишича, 2025 йилнинг иккинчи ярмидан буён «Толибон» етакчиларини ҳаводан ҳимоя қилиш масаласи тобора долзарб бўлиб бормоқда. Хусусан, июн ойида Исроил агентлари дронлар ёрдамида Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси (КСИР) раҳбариятининг бир қисмини йўқ қилганидан сўнг толиблар ўз хавфсизлигига жиддий эътибор қарата бошлаган. Айниқса, Қандаҳор осмонида, амир мауллави Ҳайбатуллоҳ Оҳунд бош қароргоҳи яқинида, номаълум дронлар тез-тез кўзга ташланаётгани кузатилган. Афғон кузатувчилари улар АҚШ ёки Покистонга тегишли бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.