Ўзбек ишчилари Саудияда мавсумий ишларга жалб этилиши мумкин

13:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Жидда ва Маккада қурилиш ҳамда Ҳаж мавсумида қассоблик ишларига ўзбекистонликлар жалб қилиниши бўйича музокаралар олиб борилди.

Saudiya arabistonida ish

«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Саудия Арабистони Инсон ресурслари ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги Жидда ва Макка шаҳарлари бошқармаси раҳбари Абдуллоҳ бин Абдурраҳмон Исмоил билан учрашув ўтказди. Суҳбатда меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик, фуқароларни қонуний асосда ишга жойлаштириш ва маҳаллий компаниялар билан алоқалар масаласи муҳокама қилинди.

Саудия расмийсига кўра, ҳозирги пайтда Жидда ва Маккада вақтинча ишлаётган ўзбек фуқаролари сони жуда кам. Шу боис, уларни мавсумий ишларга, хусусан қурилиш-мухандислик ва Ҳаж мавсумида қассоблик йўналишларига жалб этиш таклифи қўллаб-қувватланди.

Томонлар бу йўналишдаги имкониятларни чуқурроқ ўрганиш ва аниқ таклифлар тайёрлашга келишиб олди. Шунингдек, Саудия Инсон ресурслари ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги, иш берувчи компаниялар, Ўзбекистон Бош консулхонаси ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги иштирокида онлайн мулоқот ҳам ташкил этилди.

Учрашувда Ўзбекистондан мавсумий ишчиларни жалб этиш имкониятлари кенг қамровда муҳокама қилинди. Бу ташаббус икки мамлакат ўртасида меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириши кутилмоқда.