Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларнинг 19-пакетини кечиктирди: G7 босими ортиб бормоқда

14:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Брюссель Россияга қарши санкцияларнинг 19-пакетини эълон қилишни кечиктирди. G7 давлатлари ҳали музокараларни тугатмади.

Yevropa

Европа Иттифоқи Россияга қарши навбатдаги санкция пакетини тақдим этишни икки ҳафтага кечиктирди. Бунга G7 мамлакатларининг музокараларни тугатмагани ва АҚШнинг қўшимча босими сабаб бўлгани айтилмоқда.

Bloomberg агентлиги маълум қилишича, ҳозир Британия, Германия, Италия, Канада, Франция, Япония ва АҚШ расмийлари 19-пакет санкцияларнинг шакли устида иш олиб бормоқда. Ҳужжат тайёр бўлиши кутилган муддат — икки ҳафта.

Bloomberg ва Politico хабарига кўра, Вашингтон Брюсселдан аввал ўзининг қатъий санкция пакетини қабул қилишни талаб қилган. АҚШ G7дан, айниқса Хитой ва Ҳиндистонга нисбатан 100 фоизлик тарифлар жорий этишни, бу давлатларнинг Россия нефт маҳсулотларини харид қилишини чеклашни талаб қилмоқда.

Европа Иттифоқи аввал ҳам ўз санкция сиёсатини «Катта еттилик» билан мувофиқлаштириб келган. Бироқ бу гал АҚШнинг қаттиқ босими Евроиттифоқда ички қарама-қаршиликларга олиб келмоқда. Доналд Трамп Европа давлатларини санкцияларда сусткашликда айблаб, «Москвадан нефт харид қилиш давом этар экан, санкциялар фойда бермайди», деб баёнот берди.

Le Monde маълумотига кўра, Трамп фақат Россия эмас, балки Хитой маҳсулотларига ҳам юқори тарифлар жорий қилишни талаб қилмоқда. Брюссел эса буни иқтисодий жиҳатдан мақбул эмас, деб ҳисобламоқда.

Европада Россия нефт маҳсулотларининг асосий харидорлари — Венгрия ва Словакия ҳисобланади. Politico хабарида айтилишича, АҚШ ва ЕИ айнан шу мамлакатларга босимни кучайтиришни режалаштирмоқда.

Россия эса Ғарб санкцияларини қонунга зид ва бир томонлама босим деб баҳоламоқда.