Дастлабки текширувда компания битим шартларини бузиб, рақобатни чеклаш ва маҳсулот мослигини таъминлаш бўйича талабларга риоя этмагани аниқланган. Тергов натижасида Nvidia кўп миллионли жарималарга ва Хитойдаги фаолиятига янги чекловларга дуч келиши мумкин. Бу ҳақда Хитой бозорни тартибга солиш давлат бошқармаси (SAMR) хабар берди.
Nvidia компанияси ҳозирча расмий изоҳ бермаган. Хабар фонида Nvidia акциялари дунё бозори премаркетида тахминан 2 фоизга пасайди. Бу воқеа АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо ва технология низолари янада кучайиб бораётган бир пайтда рўй берди.
2025 йилнинг ёзида ҳам Пекин Nvidia’дан Х20 тезлаткичлари бўйича тушунтириш талаб қилган эди. Хитой регуляторлари бу маҳсулотда жиддий хавфсизлик муаммолари борлигини билдирган. Х20 моделлари АҚШнинг 2023 йилги экспорт чекловларидан сўнг Хитой бозори учун махсус ишлаб чиқилган эди.
Nvidia учун Хитой жуда муҳим йўналиш ҳисобланади. Ўтган молия йилида компания бу ердаги сотувлардан $17 млрд даромад олган, бу унинг глобал тушумида 13 фоизни ташкил қилади. Энди эса компания АҚШнинг экспорт чекловлари ва Хитой регуляторларининг босими орасида қолмоқда.