Мирзиёев Наманганда саноат зонаси ва насос стансиясини кўздан кечирди

19:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи доирасида саноат зонаси ва сув таъминоти объектларида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

President

Янги Наманган туманидаги «Тараққиёт» саноат ва сервис зонасида 113 та лойиҳа жойлаштирилиб, 4,8 минг иш ўрни яратилди. Лойиҳа доирасида электр, сув ва йўл инфратузилмаси давлат бюджети ҳисобидан таъминланди. Бу ҳудудда йиллик 500 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш имконияти яратилди.

Президент усталар билан мулоқот қилиб, техник хизмат кўрсатиш соҳасида ҳали катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Чет эл автомобилларига хизмат кўрсатиш йўлга қўйилиши аҳоли бандлигини таъминлаш ва хизмат сифатини оширишини қайд этди. Шу боис, бундай марказларни бошқа туманларда ҳам очиш ва малакали усталар тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Давлат раҳбари Чортоқ туманидаги «Айқирон-1» насос стансиясида ҳам бўлиб, модернизация жараёнини кўздан кечирди. Энергия тежамкор агрегатлар ўрнатилиши натижасида йиллик электр сарфи 40 фоизга қисқарди. Бу ердаги 815 гектар ер майдони самаралироқ суғорилади, ҳосилдорлик ошиши кутилмоқда.

Вилоятдаги 200 дан ортиқ насос стансиясидан 43 таси давлат-хусусий шериклик асосида хусусий компанияга топширилган. Президент икки йил ичида барча стансияларни янгилаш, кейинчалик бу тажрибани мамлакатнинг бошқа ҳудудларига жорий қилиш вазифасини қўйди.

Шунингдек, фермер хўжаликларида қуёш панеллари орқали ишлайдиган кичик насослар ва томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш режалари ҳам маълум қилинди.