Поп, Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон ва Чустдан ўтувчи дарё ва сой ўзанларининг муҳофаза зоналари ҳамда контури белгиланиб, аукционга чиқарилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан йиғилиш сўз борди.
Қайд этилишича, президент Янги Наманганни Чортоқ билан боғловчи йўлдаги 13 километрлик туну-кун ишлайдиган сервис кўчаси билан танишган. Косонсой, Наманган, Тўрақўрғон, Уйчи ва Янгиқўрғонда яна 8 та шундай кўча барпо этиш режа қилинган. Косонсой маркази, Нориндаги дарё бўйлари, Чустнинг Ғова, Янгиқўрғоннинг Нанай, Попнинг Чодак қишлоқларида Бўстонлиқдан кам бўлмаган гўзал табиат, сўлим жойлар борлиги, бу жойларда тадбиркорликни йўлга қўйиш истагида юрган ташаббускорлар ҳам жуда кўплиги таъкидланган.
Шу муносабат билан вилоят Ислоҳотлар штабига тадбиркорлар билан ҳар бир туманда камида 2 тадан шундай жойларни танлаб, улар бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш, амалга ошириладиган лойиҳалар ҳисобига кейинги йилда 50 минг одамни ишли ва даромадли қилиш топширилган.
Шунингдек, Поп, Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон ва Чустдан ўтган дарё ва сой ўзанларининг 40 километр қисмида ҳам 650 та сервис объектини қуриб, 10 минг одамни даромадли қилиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга бу ерларнинг муҳофаза зонаси ва контурини белгилаб, аукционга чиқаришни бошлаш топширилган.
Наманганда сўнгги беш йилда 39 минг гектар ер қайта фойдаланишга киритилди.
Президент Тўрақўрғонда томчилаб суғориш орқали 5 минг гектар адир ерларни ўзлаштириш ишлари бошланганини маъқуллади. Ҳозиргача 2 минг гектар ўзлаштирилди, шундан 1,3 минг гектарида боғ ва узумзор ташкил этилди, 4 минг киши ишли бўлган.
Бу ишларни давом эттириб, Поп туманида 4 минг гектар, Косонсой, Чуст ва Мингбулоқ туманларида 1 минг гектардан ерни қайта фойдаланишга киритиш вазифаси қўйилди.
Норин туманида жойлашган балиқчилик кластеридаги ишлар юқори баҳоланди. Ўша ернинг ўзида маҳаллий аҳоли форель балиғи етиштиришга ўргатилмоқда.
Хўжа-қўрғонча маҳалласидаги 25 та хонадон кластер билан кооперация қилиб, йилига ҳар бири 150 миллион сўмгача даромад кўрмоқда.
Бу тизимни оммалаштириб, Учқўрғон ва Норин туманидаги 1 минг хонадонда форель етиштиришни йўлга қўйиш, 1 сотихли 350 та сунъий ҳовуз ўрнатиб, аҳолига бўлиб бериш муҳимлиги таъкидланди.
Нидерландиялик ҳамкорлар билан йилига 20 минг тонна балиқ озуқаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.