TRTнинг NBC Newsʼга таяниб маълум қилишича, Трамп жамоасининг юқори лавозимдаги аъзолари Ғазо секторидаги фаластинликларни оммавий кўчириш бўйича махфий режа устида иш олиб боришмоқда. Маълумотларга кўра, бу ташаббус бир миллионга яқин одам — яъни Ғазо аҳолисининг ярмини — Ливияга жойлаштиришни ўз ичига олади.
Режа асосида Ливияга АҚШ томонидан музлатилган миллиардлаб доллар активлар ечиб берилиши ва улар фаластинлик қочқинларни қабул қилиш шарти билан тақдим этилиши кўзда тутилган. Икки манбанинг таъкидлашича, бу масала бўйича Ливия раҳбарияти билан музокаралар аллақачон бошланган. Яна учта манба Исроил бу ташаббусдан аввалдан хабардор бўлганини маълум қилган.
Трампнинг ўзи Ғазони «озодлик ҳудуди»га айлантириш ғоясини олдин ҳам таклиф қилган. Бироқ таҳлилчилар таъкидлашича, у бу ерда «фаластинликлардан холи ҳудуд»ни назарда тутмоқда. Бу ғоя араб давлатлари томонидан қаттиқ танқид қилинган ва ноқонуний, мажбурий кўчириш сифатида баҳоланган.
Трампнинг бу ташаббуси яқиндаги сайлов кампанияси доирасида минтақавий муаммоларга ўз усулида ёндашувини кўрсатмоқда. Аммо бу режа амалга ошса, Ғазодаги инқироз янада кескинлашиши ва янги сиёсий зиддиятларга замин яратиши мумкин.