Онасидан нолиган Марям Тиллаева, АҚШга саёҳатга бораётган ўзбекистонликлар ва «Навбаҳор»ни бошқарадиган «Аякс» — 16 сентябр дайжести

22:30 | 10 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Dayjest 16

Олти ой ичида ҳайвонларга нисбатан 30 дан ортиқ зўравонлик ҳолатлари аниқланган

Жорий йилнинг биринчи ярмида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат бўйича 34 та ҳолат қайд этилди. Олий суд маълумотига кўра, улардан 32 нафарга жарима, 2 нафарга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. 2020–2024 йилларда эса умумий 397 киши жавобгарликка тортилган. 

Қонунга кўра, ҳайвонларга зўравонлик қилганлар БҲМнинг 3–5 баравари миқдорида жарима тўлайди. Агар бу ҳаракат такрорланса ёки оғир оқибатларга олиб келса, жарима икки баробаргача оширилиши ёки 15 суткагача қамоқ жазоси қўлланиши мумкин. Ҳуқуқшунослар ва жамоат ташкилотлари мавжуд жазолар етарли эмаслигини таъкидлаб, қўшимча чоралар кўриш зарурлигини айтишмоқда.

 

Россияда ўзбекистонлик мигрантларни калтаклаган ўсмирларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Владивостокда ўзбекистонлик мигрантларга нисбатан жасавозлик қилган ўсмирлар устидан Россия тергов органлари жиноят ишини қўзғатди. Маълумотларга кўра, 10 сентябрга ўтар кечаси 15 ёшли йигитлар ва уларнинг шериклари маст ҳолда автомобилларга зарар етказиб, харидорлар кўз ўнгида бир шахсни калтаклаган ҳамда яна бир неча ҳайдовчига ҳужум қилган. Ижтимоий тармоқларда эса уларнинг ўзбекистонлик мигрантларни дўппослаётгани ва ҳақорат қилаётгани тасвирланган видеолар тарқалди.

Ўзбекистоннинг Владивостокдаги бош консули Юсуф Қобулжанов жабрланувчиларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилганини ва маҳаллий идораларга расмий мурожаат йўлланганини билдирди. Тергов қўмитаси маълумотича, гумонланувчиларнинг шахси аниқланган: улардан бири қўлга олинган, икки нафари қидирувга берилган. Айни пайтда улар аввал ҳам безорилик қилгани учун жавобгарликка тортилгани маълум қилинди. Аввалроқ Ўзбекистон ТИВ Россиядан тергов олиб бориш ва айбдорларни жазолашни талаб қилган расмий нота йўллаган эди.

 

Ўзбек ишчилари Саудияда мавсумий ишларга жалб этилиши мумкин

Саудия Арабистони Жидда ва Макка шаҳарларида ўзбек ишчиларини мавсумий ишларга жалб қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Саудия Инсон ресурслари ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги раҳбарлари билан учрашувда меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик, ишчиларни қонуний асосда жойлаштириш ҳамда маҳаллий компаниялар билан муносабатлар муҳокама қилинди. Саудия расмийлари ҳозирда ўзбек фуқароларининг сони жуда камлигини айтиб, уларни қурилиш ва Ҳаж мавсумида қассоблик ишларига жалб этиш таклифини маъқуллади. 

Томонлар имкониятларни чуқурроқ ўрганиб, аниқ таклифлар тайёрлашга келишиб олди. Шунингдек, Саудия Инсон ресурслари вазирлиги, иш берувчилар, Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Камбағалликни қисқартириш ҳамда бандлик вазирлиги иштирокида онлайн мулоқот ташкил этилди. Музокаралар натижасида ўзбек ишчиларини Саудияда мавсумий фаолиятга жалб этиш орқали икки мамлакат ҳамкорлиги янада кучайиши кутилмоқда.

Марям Тиллаева онаси Лола Каримова билан беш йил олдин алоқани узганини маълум қилди

Марям Тиллаева инстаграмдаги сторислар орқали онаси Лола Каримовa билан муносабатлари бузилганини очиқлади ва беш йилдан бери улар алоқаси йўқлигини маълум қилади. Онасининг ҳатти-ҳаракатлари унга ёқмаслигини, онаси «жабрдийда аёл» ролини ўйнаши ва шу орқали омма диққатини жалб қилишини айти. 

Марям Тиллаева Лола Каримовaни Ўзбекистонга келишига қарамасдан бувисининг уйига ташриф буюрмаганини мисол қилди. У бу воқеалар биринчи даврда унинг руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатганини очиқлади. Марям ўз ҳис-туйғуларини очиқ байон қилиб, унинг бу жараёнда энг кўп ачингани — укаси ва синглиси эканини айтди.

«Умуман олганда, оиламиз тарихи мураккаб, баъзи воқеаларни эса бобом, бувим ва бошқа қариндошларимга ҳурмат юзасидан ошкор эта олмайман. Шу билан бирга, онамнинг менга қарши носоғлом рақобат қилишга уринишини сезаман. Мен яқинларимнинг хатти-ҳаракатлари учун жавобгар эмасман ва ҳаммани қутқариш ёки яраштириш ҳам вазифам эмас. Мен шунчаки ўз ҳаётимни яшайман ва ўз оиламни қураман», деди Марям Тиллаева.

 

АҚШга туристик сафар қилган ўзбекистонликлар сони қарийб 15 фоизга ошди

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январ-июл ойларида 8 минг нафар Ўзбекистон фуқароси АҚШга борган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 15 фоизга кўпдир. Сафар қилганларнинг асосий қисми — 5 683 нафар киши — туристик мақсадда йўлга чиққан. Шунингдек, 1 978 нафар ўзбекистонлик қариндошларини йўқлаш учун АҚШга борган.

Таълим олиш мақсадида борганлар сони 179 нафарни ташкил этди. Хизмат сафарлари учун 104 киши, тиббий ёрдам мақсадида эса 23 киши АҚШни танлади.

 

«Аякс» академияси «Навбаҳор» футбол мактабини бошқаради

Намангандаги «Навбаҳор» футбол мактаби уч йил муддатга Нидерландиянинг машҳур «Аякс» академияси бошқарувига ўтади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда маълум қилиб, Наманганда футболнинг ёшлар ҳаётидаги ўрнини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳар бир бола маҳаллада тўп тепиб катта бўлади ва «Навбаҳор»нинг ҳар бир ўйини шаҳар учун катта байрам саналади.

Келишувга кўра, «Аякс» академиясидан 11 нафар мураббий, скаут ва методистлар Наманганга келиб, маҳаллий футболчиларни тайёрлаш жараёнида иш олиб боради. Президент бу ҳамкорлик орқали келажакда дунёнинг етакчи клубларида ўйнайдиган ва жаҳон чемпионатларида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган футболчилар етишиб чиқишига ишонч билдирди.