Ёшлар ишлари агентлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати ҳамкорликда дронлар соҳасини ривожлантириш, ёшлар орасида оммалаштириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус ассоциация ташкил этиш ишларини бошлади. Бу ҳақда агентлик директори биринчи ўринбосари Дилноза Каттахонова маълум қилди.
Кеча, 16 сентябр куни Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги IT шаҳарчага бўлиб ўтган пресс-тур давомида Vaqt.uz журналисти Илёс Сафаров Дилноза Каттахоновага «янги масканда робототехника йўналиши доирасида дронлар ишлаб чиқаришга оид курслар борлигини қайд этиб, аммо Ўзбекистонда дронларни олиб юриш ва учириш тақиқланган шароитида робототехника курсларида олинган билимларни амалиётда қандай қўллаш мумкинлиги ҳақида сўради.
Журналист бугун дунёда кўплаб урушлар, хусусан, Россия ва Украина ўртасидаги уруш ҳам айнан дронлар ёрдамида — осмонда кечаётганини қўшимча қилди.
Каттахонова саволга жавобан дронлар ва танклар каби ишланмалар аллақачон мудофаа саноати тизимида қўлланаётганини таъкидлади.
«Эътибор берган бўлсангиз бу йил президентимиз дронлар ишлаб чиқаётган ёшлар билан учрашди. Бугун ёш иннаваторларимиз, ўша олий таълим вазирлиги ҳузуридаги ёшлар академиясининг аъзолари яратаётган танклар, дронлар бошқа техникалар бугун мудофаа саноат тизимида ҳам қўлланиляпти. Яъни шунчаки ғоя ёки лойиҳа сифатида қолиб кетмаяпти, амалиётга ҳам жорий қилиняпти», — деди у.
Ёшлар ишлари агентлиги расмийсининг таъкидлашича, Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда дронлар соҳасини янада ривожлантириш ва ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида махсус ассоциация тузиш ишлари бошланган.
«Ҳозирги этапда биз мана шу соҳада мазкур лойиҳаларни ишлаб чиқаётган ёшларга синов жараёнларини ўтказиши учун рухсат олиб беришга ҳаракат қиляпмиз. Ва ҳозирги кунда Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда шу соҳани янаям ривожлантириш, ёшлар ўртасида кенг оммалаштириш, кўпроқ қизиқтириш мақсадида ҳозир шу дронлар билан ишлайдиган, лойиҳаларни қўллаб-қувватлайдиган ассосацияни ташкил қилиш устида иш олиб бориляпти. Мен ўйлайманки, босқичма-босқич ассосациянинг ҳузурида алоҳида, турли ўзининг тест полигонлари, ўйингоҳлари бўлади, бемалол ёшларимиз ўзларини ишланмаларини учириб, тест қилиши, фойдаланиши мумкин бўлади», — деди Дилноза Каттахонова.
Дрон сиёсати
2015 йилда Ўзбекистолнда дронларни олиб кириш ва улардан фойдаланиш тўлиқ тақиқланганди. 2018 йил май ойидан бошлаб хорижий ижодий гуруҳлар томонидан Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳақида фото вавидео материаллар тайёрлаш учун учувчисиз учиш аппаратларини, жумладан, дронларни вақтинча олиб киришга рухсат берилган.
2019 йилдан эса учувчисиз учиш аппаратларини ноқонуний олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки ишлатиш учун Жиноят кодексининг 244−4-моддаси (Мажбурий декларация билан транзит ўтказиш бундан мустасно) бўйича жиноий жавобгарлик белгиланган.
Мамлакатда учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланишда биринчи марта айбланаётган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик эмас, балки маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Мазкур ҳолат бўйича қонун Қонунчилик палатаси томонидан 28 ноябр куни биринчи ўқишда, 12 декабрда иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинганди. Сенат томонидан эса 19 январ куни маъқулланган. 15 март куни президент қонунни имзолади.