1 октябрдан мопед ва скутерларга авторақам тақилади ва ҳайдовчилик гувоҳномаси билан бошқарилади

08:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати рўйхат ва ҳуқуқсиз ҳайдовчиларга нисбатан қатъий чекловлар қўлланишини эслатди.

Moped skuter

Ўзбекистонда 2025 йил 1 октябрдан бошлаб мопед ва скутерларни бошқариш учун мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш ва «A» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш талаб қилинади. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати расман эслатма берди.

Аввалроқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 12 апрелдаги 224-сонли қарори билан ушбу талабларни амалга ошириш муддати 30 сентябргача узайтирилган эди. Энди эса ушбу санадан кейин рўйхатдан ўтказилмаган ва гувоҳномасиз транспорт воситаларини бошқариш қонунга зид ҳисобланади.

«Фуқароларни белгиланган муддатгача мопед ва скутерларини расмий рўйхатдан ўтказиш ҳамда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этишга чақириб қоламиз», — дейилади ЙҲХХ хизмати баёнотида.

Маълумот ўрнида, 2024 йил июл ойидан Ўзбекистонда мопед ва скутерлар учун давлат рўйхатидан ўтказиш мажбурий бўлган. Бу тартиб ҳукумат қарорига асосан жорий этилган ва унинг ижросини таъминлаш учун 2024 йил 26 декабрдан бошлаб махсус рақамли давлат номерлари берилиш бошланган эди.

Энди ушбу транспорт воситалари иштирокида содир бўладиган ҳуқуқбузарликлар, авариялар ва бошқа ҳолатлар тўлиқ давлат назоратида бўлади. Бу эса йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва фуқаролар ҳаётини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилмоқда.