Россияда августда бошланган бензин танқислиги кескин авж олди. Reuters манбаларига кўра, ҳозирда камида 20 та минтақа — Чукоткадан то Самарагача ёнилғи етишмаслигига дуч келмоқда. Хусусий ёнилғи қуйиш шохобчалари бензин сотишни тўхтатган, йирик нефт компаниялари АЁҚШларида ҳам айрим турдаги ёнилғилар бўйича узилишлар кузатилмоқда.
Мутахассислар танқисликнинг асосий сабаби сифатида хусусий АЁҚШлар томонидан захира тўпланмаганини ва кредитларнинг қимматлигини қайд этади. Августда бешта йирик нефтни қайта ишлаш заводлари дрон ҳужумлари сабабли ишини тўхтатди ва қайта ишлаш салоҳиятининг 17 фоизи йўқотилди.
Сентябрда яна тўрт НҚИЗ — Рязан, Саратов, Уфадаги «Новойл» ва Ленинград областидаги «Кинеф» украин дронлари ҳужумларига учради. Reuters’га кўра, «Кинеф» асосий қувурини ёпишга мажбур бўлган ва ҳозир фақат 75 фоиз қувватда ишлаяпти.
Йирик нефт компаниялари бензинни ўз АЁҚШларини таъминлаш учун захиралаб, чакана сотувчиларга етказиб беришни кечиктирмоқда. Бир трейдер: «Бу мен биржадан сотиб олган бензин эди, лекин 1,5 ойдан бери етказишмаган», — дейди. Нефт компаниялари жарима тўлашни афзал кўрмоқда, чунки келишувга амал қилиш улар учун зарарли.
Шарқий Сибирда кўплаб хусусий АЁҚШлар ёпилаётгани ёки фақат айрим турдаги ёнилғиларни сотмаётгани маълум қилинди. Сабаби — улгуржи нархлар жуда баланд ва чаканада фойда қолмаяпти. Владимир ва Белгород областларида ҳам бир неча АЁҚШ вақтинча ёпилган.
Август якунига кўра, Россияда ёнилғи ишлаб чиқариш 5 фоизга камайган. Мамлакатда 6,4 млн тонна — НҚИЗлар қувватининг 23 фоизи вақтинча тўхтаб турган. Бу тарихдаги энг катта кўрсаткичдир.
Россия ҳукумати вазиятни барқарорлаштириш учун нефт компанияларига захираларни ишга солиш, таъмирлаш графикларини ўзгартириш ва темир йўлдаги ёнилғи ташишни қўлда бошқариш вазифасини юклаган. Шунингдек, экспортга тақиқ яна икки ойга узайтирилган.