17 август куни Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Рақамли соғлиқни сақлаш марказининг тиббиёт соҳасидаги инновацион лойиҳалари билан танишди.
Тақдимотда электрон тиббий карталардан тортиб, сунъий интеллектга асосланган диагностика тизимларигача бўлган янгиликлар жамоатчиликка тақдим этилди.
Маълумотларга кўра, ҳозирга қадар DMED ягона тизимига 33 миллион фуқаронинг электрон тиббий карталари киритилган. Бу шифокорларга ҳужжат юритишга эмас, балки беморлар билан мулоқотга кўпроқ вақт ажратиш имконини бермоқда. Шунингдек, қайси шифокор қай даражада бандлиги ёки тиббий жиҳозларнинг ҳолати ҳақида реал вақтда маълумот берувчи Ситуацион марказ ишга туширилди. Бу ресурсларни самарали тақсимлашга кўмаклашиши қайд этилди.
Шу билан бирга, етти йилдан бери амалга оширилаётган «Кўнгил кўзи» лойиҳаси сунъий интеллект ёрдамида янги босқичга кўтарилди. Янги технологиялар орқали муддатидан олдин туғилган чақалоқларда кўриш қобилиятини йўқотиш хавфини эрта аниқлаш мумкин бўлади. Мутаҳассислар фикрича, бунинг натижасида болалардаги кўрлик ҳолатларининг 90 фоизгача олдини олиш имкони пайдо бўлади.
Тақдимотда шунингдек, инсульт ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлайдиган технологиялар ҳам намойиш этилди. Айтилишича, сунъий интеллект шифокорларнинг ўрнини босмаса-да, уларнинг ишончли ёрдамчисига айланиб, вақт ва ресурсларни тежашда муҳим роль ўйнайди.
Марказнинг асосий мақсади аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва замонавий технологияларни амалиётга жорий этиш экани таъкидланди.