Путин Россия – Беларус машқларини ҳарбий формада кузатди

11:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия президенти Владимир Путин «Запад-2025» стратегик машқларининг асосий босқичини кузатиш учун Нижний Новгород областига борди. У тадбирда ҳарбий формада қатнашиб, Украинадаги урушда қўлланган қурол ва махсус техника намуналарини кўздан кечирди.

Putin

Россия президенти Владимир Путин Нижний Новгород областининг Мулино полигонида Россия ва Беларус қўшма стратегик машғулотлари — «Запад-2025»нинг асосий босқичида иштирок этди. Бу ҳақда Кремл матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, машқлар Россия ва Беларус ҳудудидаги 41 та ҳарбий полигонда ўтказилган бўлиб, унда 100 мингга яқин ҳарбий хизматчи иштирок этган. Шу билан бирга, 10 мингга яқин турли ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа жалб этилган.

Машқларнинг асосий мақсади — Иттифоқ давлатининг суверенитети ва хавфсизлигини исталган ташқи таҳдиддан ҳимоя қилиш қобилиятини синовдан ўтказишдир, дейди Путин. Унинг фикрича, стратегик машғулотлар умумий мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

Кремл маълумотига кўра, машқлар жараёнини НАТОга аъзо АҚШ, Туркия, Венгрия ҳамда яна 23 давлатдан келган расмийлар кузатган. Жами 16 давлат расмий делегация юборган бўлса, 6 мамлакат ўз ҳарбий контингентларини йўллаган.

Якуний босқичда 10 мингдан зиёд ҳарбий техника, жумладан 333 та турли авиасамолёт, 247 дан зиёд денгиз кемаси ва сувости кемалари иштирок этмоқда. Путин мудофаа вазиридан тайёргарлик ҳолати ҳақида ҳисобот сўраб, барча қатнашчиларга муваффақият тилади.