ChatGPT’дан фойдаланишнинг асосий қисми ишга алоқаси бўлмаган сўровларга тўғри келмоқда. Бу ҳақда OpenAI компанияси Ҳарвард ва Дюк университетлари билан ҳамкорликда ўтказган илк кенг қамровли таҳлилида маълумот берилди.
Маълумотларга кўра, 2024 йил июнида бундай сўровлар улуши 53 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йил июлига келиб уларнинг ҳиссаси 73 фоизга етди. Шу даврда платформа ҳафтасига 700 миллион фаол фойдаланувчига чиқди.
Тадқиқотга кўра, одамлар энг кўп ҳолларда «амалий тавсиялар» учун мурожаат қилмоқда. Масалан, спорт режаларини тузиш, таомлар рецептлари, болалар тарбияси, ўқишга ёрдам ёки хоббиларга оид ғоялар каби масалалар етакчи тоифа бўлди.
Иккинчи йўналиш — ахборот қидириш бўлиб, у ChatGPT’ни классик қидирув тизимларига рақобатчи сифатида кўрсатмоқда. Учинчи машҳур тоифа эса турли матнлар ёзиш ва таҳрирлаш билан боғлиқ бўлиб, электрон хатлардан тортиб ижтимоий тармоқлардаги постларгача қамраб олади.
Шу билан бирга, стереотиплардаги каби дастурлаш асосий йўналиш эмас: у сўровларнинг атиги 4,2 фоизини ташкил этди. Чат-ботдан кўнгилочар сценарийлар ёки ҳиссий суҳбатлар учун фойдаланиш улуши эса 2 фоиздан ошмади.
Муҳим демографик ўзгаришлар ҳам қайд этилди. Лойиҳанинг дастлабки босқичларида фойдаланувчиларнинг қарийб 80 фоизи эркаклар бўлган бўлса, 2025 йилга келиб гендер тафовути деярли йўқолди. Шунингдек, паст ва ўрта даромадли мамлакатларда хизматдан фойдаланиш кескин ошди, бу эса технологиянинг глобал ва тенг тарқалаётганини кўрсатади.