Швеция ҳукумати ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш ва таълим шароитларини яхшилаш учун мамлакатдаги барча мактабларда мобил телефонлардан фойдаланишни тақиқлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
Қарор ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш ва таълим самарадорлигини ошириш мақсадида қабул қилинган. Тақиқ 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган болаларга тааллуқли бўлиб, барча синфларда қўлланилади. Шу билан бирга, ўқув дастури, баҳолаш тизими ва ўқитувчилар тайёргарлигида ҳам ислоҳотлар амалга оширилади.
Таълим ва интеграция вазири Симона Моҳамссон бу ислоҳотларни «сўнгги 30 йилдаги энг йирик ўзгаришлар» деб атади. Ҳукумат тақиқни амалга ошириш учун 2026 йилда 95 млн крон, кейинги йили эса 100 млн крон ажратишни режалаштирмоқда.
Швецияда айрим мактаблар аллақачон телефонларни йиғиш амалиётини жорий қилган эди, аммо ўқувчилар турли баҳоналар билан тартибдан қочишга уринган. Янги қонун эса бутун мамлакатда ягона қоида сифатида ишлайди.
Бу чора Европа мамлакатларидаги умумий тенденциянинг бир қисми ҳисобланади. Данияда 13 ёшгача бўлган болаларга шахсий смартфон тавсия этилмаяпти, Норвегияда ижтимоий тармоқлар учун 15 ёшдан кичикларга чеклов қўйилган. Нидерландияда эса телефонсиз дарс жараёни болалар диққатини ошириши ва натижаларни яхшилашини кўрсатди.