Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 16 сентябр куни, Доҳадан қайтаётганда ҲАМАС музокарачиларига қилинган ҳаво ҳужуми юзасидан қатъий танқид билдирди ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни «мафкуравий жиҳатдан Ҳитлернинг қариндоши» деб атади. У Исроилнинг ҳужумларини «инсониятга қарши» ва «хавфли идеология» деб атаб, сионист сиёсатининг таҳдидли томонларини кўрсатди. Эрдўған шунингдек, минтақавий ва халқаро ҳамжамиятни фаластинликларга нисбатан юзага келган оғир гуманитар вазиятга эътибор қаратишга чақирди.
«New York декларацияси»
Исроилнинг Қатардаги ҳужуми ҲАМАС делегациясининг тинчлик музокараларига келган вакилларини нишонга олгани нафақат Туркияда, балки халқаро майдонда кескин норозиликни келтириб чиқарди.
Хусусан, БМТ Бош ассамблеяси 12 сентабр куни Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш ва икки давлат — Исроил ва Фаластин тузиш тўғрисидаги қарорни амалга ошириш тўғрисидаги «New York декларацияси» ни кўпчилик овоз билан маъқуллагани ҳақида хабар берган эдик.
Ҳужжат ҲАМАСнинг 2023 йил 7 октябрда Исроилга уюштирган ҳужумини ҳам, Исроилнинг Ғазо секторидаги жавоб бомбардимонлари ва «ҳалокатли ҳуманитар фалокатга олиб келган »ҳарбий амалиётини ҳам қоралайди.
Декларацияни 142 та давлат, жумладан, Ўзбекистон ёқлаб овоз берди, ўн давлат қарши чиқди (Исроил, Аргентина, Венгрия, Микронезия, Науру, Палау, Папуа-Янги Гвинея, Парагвай, Тонга ва АҚШ), 12 та давлат бетараф қолди. Бош ассамблеяга БМТга аъзо 193 давлат киради.
Исроил элчиси Дани Данон декларацияни «бир томонлама» деб атади ва у «тарихга тинчлик сари қадам сифатида эмас, балки Бош ассамблея обрўсига путур етказувчи навбатдаги қуруқ ишора сифатида кириши»ни айтди.
Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Шавкат Икромовга кўра, БМТ Ғазо масаласида жуда кечикиб қарор қабул қилди. «БМТ Исроил ҳаракатини «геноцид» деб аташдан ҳам кўра жиддий чоралар, масалан, зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, тинчликпарвар қўшинларни киритиш, Исроилга нисбатан барча давлатларни санксиялар қўллашга чақириш. Умуман олганда, унинг қўлида жуда кўп ричаглар бор эди».
Шунингдек, Европа Иттифоқи ҳам Исроилга нисбатан человлар жорий этиши мумкинлиги маълум қилди. Иттифоқ ҳозирда Исроилнинг экстримистик кайфиятдаги вазирларига ҳамда Фаластин ерларини ноқонуний равишда эгаллаб олган исроиллик посёлкалар аҳолисига нисбатан санксиялар жорий этиш масаласини кўриб чиқмоқда.
Нетаняҳунинг жавоби
Эрдўғанга жавобан Қуддусда АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан бирга ўтказилган тадбирда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу президент Ражаб Тоййиб Эрдўғанни кескин танқид қилди.
«Қуддус бизнинг шаҳримиз. Жаноб Эрдўған, бу сизнинг шаҳрингиз эмас. У ҳар доим бизники бўлган ва бундан кейин ҳам бўлиб қолади. Ҳеч қачон бўлинмайди», — деди Нетаняҳу ўзининг расмий саҳифасида эълон қилинган видеода.
Daily Sabah нашрининг ёзишича, Туркия пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини қўллаб-қувватлайди ва буни Исроил-Фаластин можаросини барқарор ҳал этишнинг ягона йўли деб ҳисоблайди. Анқара нафақат фаластинлик тинч аҳолини, балки муқаддас жойларни Исроилнинг ҳужумларидан ҳимоя қилиш мақсадида ҳам фаол дипломатик ҳаракатлар олиб бормоқда. Фаластин томони Шарқий Қуддуснинг келажакда мустақил Фаластин давлатининг пойтахти бўлишига умид қилмоқда ва Қуддус масаласи можаронинг энг муҳим нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда.
Туркия нашрларининг хабар беришича, Исроил расмийлари президент Эрдўғанга аввал ҳам таҳдид қилган. Масалан, собиқ ташқи ишлар вазири Йисраэл Кац уни Ироқнинг ағдарилган етакчиси Саддам Ҳусайнга ўхшатган.
Туркия эса буларга эътибор бермай фаластинликларни қўллаб-қувватлашда давом этишини ва Исроилнинг «геноцид уруши»ни қоралашини айтмоқда.
НАТО аъзоси бўлган Туркия 2023 йилдан бери Исроилнинг Ғазодаги ҳужумларини кескин танқид қилиб келади. Анкара бу ҳужумларни фаластинликларга қарши геноцид деб атаган, Исроилга қарши Жаҳон судига мурожаат қилган ва унга қарши барча савдо алоқаларини тўхтатган.
Исроил-Сурия можароси
Минтақадаги адоват Сурияга ҳам ўтди. Дамашқда янги ҳокимият келганидан кейин Исроил кучлари бир неча ҳафта давомида Сурияга ҳужум қилмоқда. Туркия расмийлари ва президент Ражаб Тоййиб Эрдўған бу зарбаларни кескин қоралаб, уларни баъзан «Сурия ҳудудига бостириб кириш», деб баҳоламоқда.
Сурия томони ҳужумлар натижасида зарар кўрган объектлар ва жабрланувчилар ҳақида моддий далиллар ва баёнотлар билан чиқмоқда. Дамашқ ва бошқа марказлардан келган хабарлар Исроил зарбалари оқибатида одатдагидан кўпроқ инфраструктурага зарар етгани, тинч аҳоли орасида ҳам жабрланувчилар мавжудлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.
Исроил Сурияга ҳужум қилишга асосий сабаб сифатида мамлакат ҳудудидаги «душман» кучларнинг (масалан, Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган милиция ёки ҲАМАСга яқин бўлган гуруҳлар) қуролланиши ва ҳаракатланишини олдини олишни келтирган.
Меҳриноз Фармонова тайёрлади.