Янги “IT-шаҳарча” 2025 йил июн ойида иш бошлаган. Бу ерда ёшларга дастурлаш, график дизайн, 3D принтинг, робототехника ва хорижий тилларни ўқитиш каби ўнга яқин йўналишда билим берилади, касб ҳамда кўникмалар ўргатилади. Марказ бир вақтда 300 нафар ўқувчига мўлжалланган ва уни йилига 1200 нафар ёш битириб чиқиши мумкин.
“Марказда ўқув дастурлари шундай тузилганки, унда асосий мақсад ўқувчиларнинг сифатли билим олишига қаратилган. Шу мақсадда ўқувчиларнинг олаётган билим ва кўникмаси, тил ўрганиш натижалари ҳар икки ойда имтиҳон қилиб борилади. Бу вақтда керакли кўникмага эришган ёшлар ўрганишнинг кейинги босқичларини давом эттиради, ўрганолмаганлари билан эса яна бир неча босқичда қайта ишланади.
Фақат бу эмас, марказни яхши натижалар ва энг муҳими, хорижий тил сертификати билан тамомлаган ёшлар келгусида вилоятимиздаги маҳаллий ва хорижий компанияларда иш билан таъминланади. Бугун вилоятда 120 дан ортиқ хорижий компаниялар фаолият юритмоқда. “IT-шаҳарча” улар билан мутахассислар борасида фаол ҳамкорлик олиб боряпти”, – деди “IT-шаҳарчалар” фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Фарғона вилояти бошқармаси бош мутахассиси Султонбек Боқижонов йиғилганларга маълумот бераркан.
Унинг қўшимча қилишича, марказда келгусида нафақат ҳозирги йўналишлар, балки, сунъий интеллект технологияларини ўргатиш ҳам режа қилинмоқда.
“Марказда барча билимлар бепул ўргатилиши фарзандини турли пулли курсларга беришга имконияти етмайдиган ота-оналарга ҳам катта қулайлик бўлди. Бугун марказда таҳсил олаётганлар мажмуа атрофидаги 5 км радиусда жойлашган 15 га яқин мактаб ўқувчиларидир. Биз 2030 йилга бориб ҳозирги курсларимиз сонини 20 тага етказмоқчимиз, – деди Боқижонов.
Тадбир давомида марказда таҳсил олаётган ёшлар билан ҳам суҳбатлашилди. Жумладан, инглиз тилини ўрганаётган ўқувчилардан бир қанчаси журналист ва блогерлар билан 2,5 ой давомида ўрганган малакаси асосида инглиз ва рус тилларида сўзлашиб кўришди.
Робототехника курси ўқувчилари эса меҳмонларга шу йўналишда Полша давлатида ўқиб келган малакали, ёш ўқитувчи Муҳаммадамин Мамадалиев раҳбарлигида ишлаб чиққан бир неча янги лойиҳаларини намойиш қилишди. Жумладан, Омадилло Баҳодиров ҳозирда “ақлли уйлар” дастури устида ишламоқда. Бу дастур уй эгаларига хонадон хавфсизлиги, электр энергияси ва газдан самарали фойдаланиш ҳамда газдан заҳарланиш ҳолатларини олдини олиш имкониятини яратади. “Бу ишланма учун мен бир миллион сўмча сарфладим. Албатта, каттароқ уйлар учун бу сумма озроқ кўпаяди, лекин уни ўрнатган хонадон эгалари кўплаб имконияларга ҳам эга бўлади”, – дейди Омадилло.
Ақлли иссиқхона ихтироси билан шуғилланаётган бошқа бир ихтирочи эса ўз ихтироси иссиқхоналарда қўл меҳнатини сезиларли камайтириши ҳақида гапириб берди. “Бу ихтирони кенгайтириш иссиқхоналарнинг суғориш, экинларни зараркунандаларга қарши дорилаш ва экинларга бошқа озуқаларни етказишга ёрдам беради. У билан ишларни шунчаки компьютерда ўтириб бажариш мумкин”, – дейди ўқувчи.
Албатта, ёш ихтирочиларнинг ишларини дунё илм-фанида янги ихтиро деб бўлмайди. Аммо уларда робототехника соҳасида малака ва билимларнинг ошиб бориши шундай янги ихтироларга йўл очиш эҳтимоли юқори.
Пресс-турнинг якуний қисмида матбуот вакиллари учун ёш ихтирочилар ишланмаси бўлган автомобиллар пойгаси ҳам ташкил қилинди. Ишланмаси ғолиб чиққан ўқувчилар эса Рақамли технологиялар вазирлигининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Маълумот учун, ташаббус доирасида республиканинг 13 та ҳудудида жами 15 та “IT-шаҳарча” ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, лойиҳа инновацион таълим муҳитини ривожлантириш, ёшларни замонавий касбларга тайёрлаш ва уларнинг глобал IT-бозорида ўрнини топишларига кўмаклашишни мақсад қилган.
Бугунги кунда Сирдарё, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган “IT-шаҳарча”ларда қарийб 1000 га яқин ўқувчи-ёш IT ва хорижий тиллар бўйича бепул таълим олмоқда.