Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банкига расман аъзо бўлди

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон 2025 йилда 10 миллион доллар, 2026 ва 2027 йилларда эса ҳар йили 79,2 миллион доллардан тўлайди. Умумий ҳисобда мамлакат 168,4 миллион доллар маблағ йўналтиради.

Tarraqiyot banki

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 16 сентябр куни «Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжат «Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё тараққиёт банкини таъсис этиш ҳақидаги битимга (Остона, 2006 йил 12 январ) қўшилиши тўғрисида»ги қонун ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Қайд этилишича, ЕОТБнинг устав капиталида Ўзбекистон Республикасига ҳар бирининг номинал қиймати 1 000 АҚШ доллари бўлган 777 777 та акция тақсимот қилинган, шундан 168 411 таси (21,7 фоиз) – пул тўланадиган акция ва 609 366 таси (78,3 фоиз) – талаб бўйича тўланадиган акциялар.

ЕОТБ устав капиталидаги акцияларни харид қилиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга ошириладиган тўловлар жадвали тасдиқланди.

Бу мақсадлар учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йилда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига зарур маблағларни ажратади, 2026 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутади.

Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16 сентябрдан кучга кирди.

ЕТБга аъзо бўлиш Ўзбекистонга минтақавий иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларига молиявий ресурслар жалб қилиш имкониятини беради. Қарор ижроси Бош вазир Абдулла Арипов назоратига юклатилди.

Ҳужжатга мувофиқ, Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев ҳамкорлик бўйича мухтор вакил сифатида, Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хушнуд Тешабаев эса унинг ўринбосари сифатида белгиланди. Марказий банк эса Ўзбекистонда ЕТБга қарашли миллий валютадаги маблағлар ва активларнинг депозитарийси этиб тайинланди.