Саидов араб-ислом саммити иштирокчиларига Мирзиёев мурожаатини етказди

23:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Мирзиёев Ўзбекистон Қатар халқи ва барча мусулмон давлатлари билан бирдамлигини тасдиқлаб, Яқин Шарқда хавфсизликка таҳдид солаётган Исроил тажовузларини қатъий қоралаган.

SaidovФото: yuz.uz

Кеча, 15 сентябр куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Фавқулодда араб-ислом саммитида иштирок этди ва иштирокчиларга президент Шавкат Мирзиёев мурожаатини етказди.

Саидов дастлаб президентнинг самимий саломларини етказди, шундан сўнг Ўзбекистон Қатар халқи ва барча мусулмон давлатлари билан бирдамлигини тасдиқлаб, Яқин Шарқда хавфсизликка таҳдид солаётган ҳарбий тажовузларни қатъий қоралаган.

Мирзиёев мурожаатида келтирилишича, Ўзбекистон ўзининг қатъий позициясини яна бир бор тасдиқлайди. Унга кўра:

— Барча можаролар тинч йўл ва дипломатия ёрдамида ҳал қилиниши лозим;

— Халқаро ҳамжамият зўравонликни тўхтатиш ва вазиятнинг янада кескинлашувига йўл қўймаслик учун шошилинч чоралар кўриши зарур;

— БМТ қарорларига мувофиқ Фаластин халқининг мустақил давлат тузиш бўйича қонуний ҳуқуқи ҳурмат қилиниши шарт;

— Ўзбекистон жабрланганларга гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёр, бу аллақачон мамлакатимизда фаластинлик фуқароларнинг бир гуруҳини қабул қилиш ва қўллаб-қувватлаш орқали намоён бўлди.

Доҳада ўтган фавқулодда араб-ислом саммитида қарийб 60 давлат раҳбарлари Исроилнинг Қатарга ҳужумини қоралаб, Ғазодаги урушни «қирғин кампанияси» деб атади. Йиғилишда Исроил билан дипломатик ва иқтисодий муносабатларни қайта кўриб чиқиш таклифи билдирилди, шунингдек, халқаро ташкилотлар орқали жавобгарликка тортиш масаласи кўтарилди.

Саммит давомида Қатар амири шайх Тамим бомбардимонни «қўрқоқ ҳужум» деб баҳолаб, амалий чоралар кўришга чақирди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроил ҳукуматини «қонхўр тафаккур»да айблади. Миср президенти Абдул Фаттаҳ ас-Сиси тинчликка таҳдид ҳақида огоҳлантирди. Эрон ва Малайзия етакчилари эса Исроил билан алоқаларни узиш ва қаттиқ чоралар кўриш зарурлигини билдирди.

Маълумот учун, Доҳа ва Қуддусда дипломатия давом этаётган бир пайтда Исроил кучлари Ғазо шаҳрига ҳужумларини давом эттирмоқда. Маҳаллий соғлиқни сақлаш органлари хабарига кўра, кеча уйлар ва кўчирилган оилалар яшаётган чодирга берилган зарбаларда камида 16 фаластинлик ҳалок бўлди.

Исроил армияси Ғазодаги энг баланд бино бўлиши мумкин бўлган 16 қаватли иншоотни вайрон қилди. 2023 йил октябр ойида Исроилнинг Ғазодаги геноцид кўринишидаги уруши 64 мингдан ортиқ фаластинлик ўлимига олиб келди.