Россия Федерацияси ва қўшни мамлакатларда ўткир респиратор инфекцияларнинг (ЎРИ) сезиларли мавсумий кўтарилиши фонида авиақатновлар, меҳнат миграцияси, хизмат сафарлари орқали Ўзбекистонга касалликнинг четдан кириб келиши ва тарқалиш хавфи мавжуд. Бу ҳақда Санэпидқўмита маълум қилди.
Қайд этилишича, ЎРИ билан касалланиш кўрсаткичлари эпидемик бўсағадан (кўп йиллик касалланиш кўрсаткичидан) 36,5 фоизга пастлиги кузатилмоқда.
«Ўзбекистон Республикасида ўткир респиратор инфекциялар бўйича эпидемик вазият мунтазам назорат қилиб борилмоқда. Грипп ва ЎРИ вирусларининг айланишини аниқлаш мақсадида вирусологик тадқиқотлар ўтказилмоқда. Санепидқўмита тасарруфидаги 15 та вирусология лабораторияларида грипп ва гриппга ўхшаш касалликларни ташхислаш амалга оширилмоқда. ЎРИ касалланиш кўрсаткичлари эпидемик бўсағадан (кўп йиллик касалланиш кўрсаткичидан) 36,5%га пастлиги кузатилмоқда»,- дейилади хабарда.
Таъкидланишича, мамлакатда касалланишни ёшма-ёш таҳлил қилинганда энг юқори кўрсаткич 0 — 1 ёшдаги болалар ўртасида учрамоқда. Ҳозирги вақтда республикада грипп ва ЎРИ бўйича эпидемик вазият барқарор ва Санепидқўмита томонидан назоратга олинган.