Ғазога қарши амалга оширилаётган ҳарбий ҳаракатлар фонида Испания ҳукумати Исроилга очиқча қаршилик билдирди. Бош вазир Педро Санчес АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида Исроил иштирок этса, Испания мусобақага ўз терма жамоасини юбормаслиги мумкинлигини маълум қилди.
Испания парламенти депутати Патчи Лопес ҳам Санчес баёнотини қўллаб-қувватлаб, шундай деди: «Бу вазиятда жамоавий жавоб зарур. Исроил Ғазо секторида ишғол ҳаракатларини олиб бормоқда. Руслар спорт тадбирларидан чиқарилди. Нега Исроилга бошқача ёндашиш керак? Руслар чиқарилди, улар-чи, нега қолади? Фарқи нимада?»
Унинг таъкидлашича, Исроил жамоалари спорт тадбирларидан, шу жумладан Евровидение мусобақасидан ҳам четлатилиши керак. У Испания жамиятининг катта қисми бу нуқтайи назарни қўллаб-қувватлаётганини таъкидлади.
Испания расмийларининг ушбу баёноти жаҳон жамоатчилиги орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўплаб фойдаланувчилар ижтимоий тармоқларда Испаниянинг позициясини олқишлаб, бошқа давлатларни ҳам шундай қатъий чора кўришга чақирмоқда.
Мазкур баёнот ЖЧ–2026 мусобақаси олдидан халқаро спорт ва сиёсий вазиятда янги мураккабликларни келтириб чиқариши мумкин. FIFA ҳозирча бу можарога муносабат билдирмади.
Эслатиб ўтамиз, Испания миллий терма жамоаси Европанинг амалдаги чемпиони бўлиб, АҚШ, Мексика ва Канадада ўтадиган ЖЧ-2026нинг асосий фаворитларидан бири саналади.