Россиялик сиёсатчи Алексей Навалнийнинг беваси Юлия Навалная, турмуш ўртоғи 2024 йил февралда колонияда заҳарлангани ҳақида маълум қилди.
«2024 йил февралда Алексейнинг биологик материалларини қўлга киритишга, чет элга олиб чиқишга ва Ғарб мамлакатларидан бирининг лабораториясига топширишга муваффақ бўлдик. Бир неча ой олдин натижалар олинганини билдим ва аллақачон икки мамлакатнинг иккита лабораторияси бир-биридан мустақил равишда Алексей заҳарланганини тасдиқлади», — дея колонияда вафот этган сиёсатчининг беваси ўз телеграм каналида ёзди.
Бироқ у иккала лабораториянинг номини келтирмади.
«Буёғига нима бўлади? Билмайман. Россия фуқароси ўлдирилди. У Россия ҳудудида қатл этилди. Барча далиллар ҳам ўша ерда. Ғарб мамлакатларининг жиноий иш қўзғатиши ва олиб бориши учун ҳеч қандай ҳуқуқий асос йўқ», — дея таъкидлади Навалная.
У Алексей Навалний айнан қандай модда билан заҳарлангани тўғрисидаги текширув натижалари ошкор этилишини талаб қилди ва Владимир Путинни турмуш ўртоғининг ўлимида айблади.
Россия Федерал жазони ижро этиш хизмати Навалнийнинг 2024 йил 16 февралда вафот этгани ҳақида хабар берди. Сиёсатчининг ҳамфикрлари аввал ҳам унинг ўлдирилганини айтишган эди. Россия ҳукумати вакиллари фикрича, ўлим табиий сабабларга кўра юз берган.
«Чиндан ҳам кейинчалик биологик намуналар олиб кетилган», – деб ёзди Навалнийнинг сафдоши Иван Жданов.
Россия Жазони ижро этиш федерал хизмати Юлия Навалнаянинг баёнотига ҳеч қандай изоҳ бермади.
Навалний жамоаси Харп колониясининг беш нафар ходимидан охирги кунлар ҳақида гувоҳлик олган. Уларга кўра, сиёсатчи ўлимидан олдин оёғидаги оғриқдан шикоят қилган, тутқаноқ ва оғир нафас олиш ҳолатида қолган. У камерада ёлғиз қолдирилган ва шифокор чақирилгунга қадар аҳволи кескин ёмонлашган.
Навалнийни 13:10 да камерадан олиб чиқишган, 13:25 да «Тез ёрдам» чақирилган, аммо реанимация натижа бермаган. 14:23 да у расман ўлгани қайд этилган. Расмий ҳужжатларда «тутқаноқ синдроми, тўсатдан ўлим синдроми» деб кўрсатилган. Бироқ жамоа ва яқинлари тутқаноқ ва кўкаришлар заҳарланиш аломати бўлиши мумкинлигини айтган.
Юлия Навалная эрининг камерасидаги видеокузатув ёзувлари йўқолганини ҳам таъкидлади. Унга кўра, блокда 63 та камера бор эди, бироқ сўнгги куннинг ёзувлари мавжуд эмас. «Бу Путин ва унинг махсус хизматлари томонидан уюшган қотиллик», деди у. «Ғарб давлатлари ҳақиқатни яширмаслиги керак. Путинни кўндириш мумкин эмас — уни тўхтатиш керак».